Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 16 сентябрдаги “Судга мурожаат қилиш учун қулай шароитлар яратилиши ва фуқаролик процессига соддалаштирилган иш юритиш тартиби жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-716-сонли Қонуни билан Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Унга кўра, Фуқаролик процессуал кодекси қуйидаги мазмундаги
251-боб билан тўлдирилди. 2791-модда Ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш белгиланган бўлиб, соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги иш ушбу Фуқаролик процессуал кодексда назарда тутилган даъво ишини юритишнинг умумий қоидаларига кўра, мазкур бобда белгиланган ўзига хос хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан кўриб чиқилади.
2792-модда. Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган ишлар.
Агар даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан ўн бараваридан, жисмоний шахсларга нисбатан эса беш бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши лозим.
Агар ушбу модданинг учинчи ва бешинчи қисмларида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлмаса, даъвогарнинг илтимосномасига кўра, жавобгарнинг розилиги билан бошқа ишлар ҳам соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши мумкин.
Агар ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш чоғида қуйидаги ҳолатлар белгиланадиган бўлса, суд ишни даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўриш ҳақида ажрим чиқаради:
1) ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш давлат сирининг, тижорат сирининг ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирнинг ошкор этилишига олиб келиши мумкин бўлса;
2) қўшимча ҳолатларни аниқлаш ёки қўшимча далилларни текшириш, шунингдек далилларни улар турган жойда кўздан кечириш ва текшириш, экспертиза тайинлаш ёки гувоҳларнинг кўрсатувларини эшитиш зарур бўлса;
3) билдирилган талаб бошқа талаблар билан боғлиқ бўлса, шу жумладан учинчи шахсларга тааллуқли бўлса ёки мазкур иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжати билан учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилиши мумкин бўлса;
4) ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш чоғида ушбу бобда белгиланган қоидалар бўйича кўриб чиқилиши лозим бўлмаган қарши даъво берилган бўлса.
Ишни даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўришга ўтиш тўғрисидаги ажримда умумий тартибга ўтиш учун асослар кўрсатилади. Ажрим чиқарилганидан кейин ишни кўриш бошидан бошланади.
Ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талаб билдирилган бўлиб, улардан бири ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган талабларга тааллуқли бўлган, бошқалари эса уларга тааллуқли бўлмаган тақдирда, барча талаблар даъво ишини юритишнинг ушбу Кодексда белгиланган умумий қоидалари бўйича кўрилиши лозим.
Ишни кўриш муддати ишни даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўриб чиқиш тўғрисида ажрим чиқарилган кундан эътиборан ҳисобланади.
Бундан ташқари, мазкур қонун билан Жиноят-процессуал кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, Иқтисодий процессуал кодексга, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ж.МАМУРОВ,
Наманган вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси,
Н.АҲМЕДОВ,
Жиноят ишлари бўйича Уйчи туман судининг девонхона мудири.






