Муборак Рамазон ойи – эзгулик, шукроналик, меҳр-оқибат ойи. Бу ойда халқимизнинг асрлар оша сайқаллашиб келаётган меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик каби хислатлари яққол намоён бўлади.
Уйчи тумани 3-сектор ҳудудидаги маҳаллалар жамланиб, Баландариқ МФЙда жойлашган “Жайхун” тантаналар мажмуасида ифторлик дастурхони ташкил этилди.
-Тадбирга 3-сектор ҳудудидаги тўққизта маҳалладан эҳтиёжманд ва ногиронлиги бор оилалар вакиллари таклиф қилиниб, уларга эҳтиром кўрсатилди ва эсдалик совғалари топширилди, -дейди Баландариқ МФЙ фаоли Раҳмонберди Саидов. –Бу саховат тадбирини ташкиллаштиришда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги ҳамда вилоят қурилиш ва уй-жой, коммунал хўжалиги бошқармаси жамоаларининг хизмати катта.
Ўксик қалбларга қувонч бағишланган мазкур тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Жамшед Хатамов, вилоят бош имом-хатиби Мусохон Аббосиддинов, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Тоҳиржон Исматиллаевлар иштирок этдилар.






