Шундай одамларни ахтарингки, улар билан суҳбат қилмоқ яхши китоб ўқимоққа баробар бўлсин, шундай китоб ахтарингки, мутолааси файласуфлар суҳбатига тенг бўлсин.
Республика Маънавият ва маърифат маркази Уйчи туман бўлинмаси ташаббуси билан туман маданият бўлими, АКМ, мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамкорлигида маърифат тарғиботчилари - туман бош имоми О.Исақовнинг “Кўнгилларни равшан этган шам” ҳамда ижодкор, “Шуҳрат” медали соҳиби М.Нишановнинг “Булбул чорбоғи” номли китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Унда нуронийлар, ижодкорлар, туман Кенгаши депутатлари ва ёшлар иштирок этдилар. Тадбирни Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси бош мутахассиси Д.Абдиқахаров олиб борди. Дастлаб ўқувчилар томонидан жадидлар мероси асосида саҳна кўринишлари намойиш этилди ва китобни улуғловчи, кишиларни маърифатга чорловчи шеърлар ўқилди.
Тадбир давомида ижодкорлар - ёзувчи драматург А.Аҳмаджонов, диний идора вакиллари А.Жўраев, К.Жаъфаровлар томонидан янги китоблар ҳақида атрофлича маълумот бериб, муаллифлар ижодига илиқ фикрлар билдирилди.
Сўзга чиққан ”Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Т.Исматиллаев, ижодкорлар А.Жўраев, М.Қирғизовалар дунёни фақат илм билан забт этиш мумкинлиги, илмни чуқур эгаллашнинг йўли эса китоб ўқиш эканлигини таъкидлаб, барчани китоб билан ошно бўлишга чорладилар.
Якунда китоб муаллифлари ва тадбир қатнашчиларига бўлинманинг эътирофномаси ҳамда эсдалик совғалари топширилди.






