Хусусан, “Vodiy kumush parranda” МЧЖда товуқ гўшти маҳсулотларини тайёрлаш ва музлаткичли омборда сақлаш лойиҳаси амалга оширилган. Умумий қиймати 2 млн. АҚШ долларига тенг мазкур мажмуда ишловчилар сони 40 нафардан ортиқ.

Цехда кунига 70 минг бош паррандани сўйиб, тозалаш ва истеъмолчига етказиб бериш имконияти мавжуд. Яна бир эътиборли томони, 500 тонна маҳсулотни сақлайдиган музлаткичли омборхона ҳам қуриб битказилди.

Маҳалла ҳудудида тадбиркор Валихон Нормирзаев томонидан ўтган йили 12 сотих ер майдонида иссиқхона ташкил этилиб, октябрь ойида 20 минг туп қулупнай кўчати ўтқазилди. Бу ерда 7 та иш ўрни ҳам яратилди.

Бундан ташқари, тадбиркор 7 сотих майдонда форель балиғи уруғчилигини ривожлантиришга киришган. Ҳозирда 5х4 ҳажмда 22 та ҳовуз тайёрланди. Қурилиш, монтаж ишлари давом этмоқда.

Шунингдек, “Юксалиш” кичик саноат зонасида бўлган вилоят раҳбари “Extra primer bat” МЧЖ фаолиятини ўрганди.

Парранда учун омухта ем ишлаб чиқариш корхонасига 5 млрд. сўм маблағ сарфланди. Бу ерда 17 нафар ёшнинг бандлиги таъминланган.