Мадҳия – қалбида ўз Ватанига муҳаббат ва садоқат туйғуси бор ҳар қандай кишида миллий ғурур, ўзига хос фахр, энг муҳими юртга меҳр уйғотади. Бу миллий тимсолда халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажаги, шунингдек, зийнати, орзу-ўйи мужассам.
Ўзбекистон давлат мадҳияси янграганда, «Серқуёш» сўзи жаранглаши билан бутун вужудимизда ажиб энтикиш, дилимизда чексиз ифтихор туйғусини ҳис этамиз. Чунки унда юртимиз таровати, буюк келажак барпо этиш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган халқимизнинг орзу-интилишлари, Ўзбекистонимизнинг жаҳон ҳамжамиятида тобора юксалиб бораётган обрў-эътибори, ҳеч кимдан кам бўлмай, келажакка қатъий ишонч билан интилаётган ёшларимизнинг азму шижоати акс этган.
Давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган ижтимоий соҳадаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилишда берилган таклифга асосан бугун эрта тонгдан Уйчи туманидаги мавжуд 56 та маҳалла фуқаролар йиғинида иш куни Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясини ижро этиш билан бошланди.






