Уйчи тумани 4-сектор ҳудудидаги Янгичек МФЙда 9 та кўча бўлиб, 1010 та хонадонда 5500 нафар фуқаро истиқомат қилади. Шундан 2400 нафари хотин-қизлар. Барча кўчаларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 мартдаги 145-сонли қарори асосида уйма-уй юриб, хатлов ўтказилмоқда. 30 ёшдан ошган аёлларга сўровнома тўлдирилмоқда.
-Хатлов жараёнида муаммолар ўрганилиб, ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, тадбиркорлик қилиш истагидагиларнинг кредит олишига ёрдамлашиш, боқувчиси йўқ, эҳтиёжманд, ногирон фарзандлари бор аёлларни қўллаб-қувватлаш эътиборимизда бўлмоқда, -дейди Янгичек МФЙ хотин-қизлар фаоли Соҳибахон Тўйчибоева. –Шу билан биргаликда ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдамга муҳтож, нотинч, шаръий никоҳдаги оилалар аниқланмоқда, чет давлатда ишлашга кетган аёлларни қайтариш чоралари кўрилмоқда.
Маҳаллада ўзини ўзи банд қилган хотин-қизлар сафи ҳам кенгайиб бормоқда. Улардан бири Насибахон Дадамирзаева. У хонадонида тикувчилик цехи ташкил қилиб, ҳозирда 15 нафар хотин-қиз бандлигини таъминлади. Ойига 10 мингдан ортиқ маҳсулот тайёрлаб, вилоятимиз, ҳатто қўшни республикалар, Туркияга маҳсулот етказиб беришмоқда.







