ДАРОМАДГА КИРГАН ФУҚАРОЛАР

Уйчи тумани 1-сектор ҳудудидаги Хизиробод МФЙ “Чорвадор” кўчасида истиқомат қилувчи Раҳимжон Ғиёсов хонадонидаги 3 сотихли экин майдонида қилган иссиқхонасидан йилига уч мартагача ҳосил олади. Айни вақтда иссиқхонада болгар қаламири, помидор, редиска кўчати етиштириляпти.

-Хонадон эгалари 60 минг туп кўчат тайёрлашни мўнжаллашган,-дейди МФЙ ҳоким ёрдамчиси Отабек Муродов.- Бу ишлар билан оилада уч киши банд. Кўчатлар февраль ойи охирига тайёр бўлади. Оилавий даромад 30 миллион сўмдан ортмоқда.

“Аёллар дафтари”га киритилган Мунира Аҳмедовага МФЙ хотин-қизлар фаоли Марғуба Абдураҳмонова кўмагида субсидия асосида тикув машинаси берилди. Энди у уйда туриб даромад олиш имконига эга. 4 нафар шогирди ҳам бор.

Шу кунларда маҳалла бешлиги томонидан хатлов жараёни уюшқоқликда ташкил қилиниб, “Аёллар дафтари”нинг бешинчи босқичи шакллантирилмоқда.