Бугун ёшларни замонавий билим, тажрибалар, миллий умумбашарий қадриятлар асосида тарбиялашда миллий санъатимизнинг ўрни катта.
Уйчи туманидаги 33-мактабда “Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун!” шиори остида навбатдаги тадбир ташкил этилди. Унда Тепасарой МФЙ фаоллари, жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Тадбир доирасидаги қўғирчоқ театри намойиши, стол тенниси мусобақаси меҳмонларга хуш кайфият улашди. Давлат мадҳияси билан бошланган тадбирда миллий рақс, ҳарбий чиқишлар ижро этилиб, шоира М.Қирғизова томонидан шеърлар ўқилди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари Э.Юнусова, туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари М.Қамбаров, туман бош имоми О.Исақов, байналминалчи жангчи З.Холмирзаевларнинг мавзуга оид маърузалари тингланди.
Томошабинлар ўртасида ўтказилган савол-жавоб ўйини ғолибларига китоблар топширилди. Якунда муассаса раҳбари А.Исмаилов ёшлар тарбиясида бу каби тадбирлар муҳим ўрин тутишини таъкидлади.







