Туманнинг чекка ҳудуди ҳисобланган ва кўп миллатли аҳоли истиқомат қиладиган Ровот шаҳарчасидаги Уйчи жисмоний тарбия ва спорт техникумида уюштирилган тадбирда давранинг тўридан жой олган нуроний отахон ва онахонлар дуога қўл очишди. Спортчи ва истеъдодли ёшларнинг чиқишлари барчага хушнудлик бағишлади.
Уйчи тумани ҳокими Муҳаммадзокир Маматхонов самимий тилаклар билдириб, қўшни давлатлар билан чегараларнинг очилиши барча миллат вакилларининг ўзаро аҳиллик ва тотувликда яшашга, бир мақсад сари интилиш ва меҳр-оқибатнинг янада ошишига хизмат қилишини таъкидлади. -Ўзбек ва қирғиз халқи бамисли эт билан тирноқ. Урф-одат ва анъаналаримизни ҳурмат қиламиз. Ака-ука, опа-сингилдай бўлиб кетганмиз. Бундай тадбир ва учрашувлар эса бир-биримизга бўлган меҳрни янада оширади,-дейди 4-мактаб директори Айнура Исабекова.
Туман маданият бўлими томонидан тақдим қилинган бадиий дастурдан ўзбек ва қирғиз халқларининг қўшиқ ҳамда рақслари ўрин олди. Маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан миллий таом – ош танлови ўтказилди.
Бирдамлик ва дўстлик фестивалига айланган мазкур тадбир барчада унутилмас таассуротлар қолдирди.







