Мамлакатимизда сўнгги йилларда тадбиркорлик субъектларига бир қатор имтиёзлар берилди. Уларнинг фаолиятига асоссиз аралашиш ва тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш учун зарур чора-тадбирлар белгиланди. Бироқ айрим тадбиркорлар томонидан бу имкониятларни суиистеъмол қилиш, савдо ва хизмат кўрсатиш тартибларини бузиш ҳолатлари учрамоқда.
Бугун Уйчи туман ҳокимлигининг мажлислар залида сектор раҳбарлари, туман ҳокимининг ўринбосарлари, савдо, маиший ва бошқа турдаги 100 га яқин тадбиркорлик субъекти, солиқ идораси бошлиқлари, Бош прокуратура қошидаги ИЖҚК департаменти туман бўлими вакиллари иштирокида айни шу мавзуда йиғилиш бўлиб ўтди.
Уни туман ҳокими Ш.Мусаев очди. Йиғилишда туман прокурори А.Тухтасинов маъруза қилди. У ўз сўзида департамент томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда аниқланган қонунбузилиш ҳолатларига тўхталиб, тадбиркорлик субъектларини Президентимиз томонидан яратиб берилган имтиёз ва имкониятлардан тўғри фойдаланиш, ҳалоллик билан фаолият юритиш ҳамда намунали солиқ тўловчи сифатида бюджет тушумларига ҳисса қўшишга чақирди.
Йиғилишда таъкидланганидек, солиқ тушумлари бу нафақа ва пенсия пуллари, иш ҳақи, моддий ёрдам, фарзандларимиз таълим-тарбиясига сарфланадиган маблағ, бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз иқтисодиёти ривожига қўшиладиган ҳисса. Шундай экан, “хуфиёна иқтисодиёт”га йўл қўймаслик, қонунларга риоя этиш зарур.
Йиғилиш якунидан келиб чиқиб, соҳага масъул ташкилотлар раҳбарларига тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.






