Жорий йилнинг апрель ойида туман марказида “Namangan international school” хусусий мактабининг Уйчи филиали иш бошлагани ҳақида хабар берган эдик.-Дастлаб етти ёшга тўлган болалар тайёрлов гуруҳимизда ўқитилган эди. Улар энди биринчи синфга қадам қўйишди,-дейди филиал раҳбари Муҳаммадэлёр Юлдашев.-Ҳозир учта биринчи синфга 55 нафар бола қабул қилдик.
Туман давлат хизматлари маркази биноси ёнида қурилаётган уч қаватли замонавий бинонинг биринчи қаватида ўқув хоналари ташкил қилинди. Ҳозирда 1-синфдан 11- синфгача 220 нафар ўқувчи бор. Яна қамровни 300 нафаргача етказиш имконияти мавжуд. Келажакда ўқувчилар сонини 600 нафаргача етказиш ва хусусий университетга айлантириш режаси бор. Мактабда 30 нафар олий маълумотли малакали мутахассис сабоқ бермоқда. Фанлар чуқурлаштириб ўқитилиши билан бирга рус, инглиз, хитой, араб, корейс тиллари ҳам ўргатиб борилади. Дарсдан сўнг қўшимча машғулотлар ҳам ўтилади.Уйчида биринчи бўлиб очилган мазкур хусусий мактабда ҳам “Билимлар куни” тадбири ўтказилди, ўқувчиларга ўқишларида омад тиланди.







