Қиличини қайраб қиш яқинлашмоқда? Ўтган йилги аномал совуқ даврида ёзда қиш ғамини емаганлар аттанг деб қолдилар. Хўш, ижтимоий соҳа объектларида бу йилги мавсумга тайёргарлик қандай?

ОАВ ва блогерлар учун ташкил этилган навбатдаги пресс турда шу саволларга жавоб изланди. Туман марказидаги 1-ИДУМда 870 нафар ўқувчи таълим-тарбия олади. Тўртта иситиш корпуси мавжуд бўлиб, учтасидаги иситиш қозони замонавийсига алмаштирилди. Иситиш қувурлари тортилди.

-Қишки мавсум учун 64 тонна кўмир жамғарилди,-дейди мактаб директорининг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Рустамжон Асқаров. –Бу йилги мавсумда иссиқлик таъминотида муаммо бўлмаслигига ҳаракат қиляпмиз.

1-сонли кўп тармоқли ИММТТда таянч ҳаракати аъзоларида, эшитиш, гапиришда нуқсони бор, ақлий ривожланиши суст бўлган болалар тарбияланади. Бу муассасада ҳам иссиқлик таъминоти яхши йўлга қўйилган. Аммо, афсуски, айрим таълим муассасаларида мавсумга тайёргарлик ишлари ҳали якунланмаган ҳолатлар ҳам мавжуд. Қиш-қировли кунларда болалар совуқ емаслиги учун айни ҳозирги кунларда мавсумга ҳозирлик кўрилиши зарур. Бу кечиктириб бўлмайдиган долзарб вазифадир.

Рустамжон Турсунбоев, блогер