Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишига улкан ҳисса қўшиб келаётган, юксак маънавиятли, оилада ва фарзанд тарбиясида ибратли, жамият ҳаётида фаол иштирок этаётган, ҳар жиҳатдан ибратли хотин-қизларни аниқлаш, уларнинг фаолиятини кенг жамоатчиликка яқиндан таништириш, илғор иш тажрибасини оммалаштириш мақсадида “Йил аёли” миллий танловини ўтказиш анъанага айланди.
Уйчи туман маданият марказида ана шу танловнинг бу йилги туман босқичида 20 нафар хотин-қиз учта шарт бўйича беллашди.
Туман ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Саидахон Аҳмадалиева раислигидаги ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг ҳар бир чиқишини одилона баҳолаб борди.
Якунда барча қатнашчилар турли номинациялар бўйича ғолиб деб топилдилар. Уларга туман ҳокимлигининг “Ташаккурномаси”, диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Тадбир туман маданият маркази хонандаларининг дилрабо қўшиқлари билан янада файзли ўтди.







