Уйчи туманидаги «Asmus Gold Mega Textile» МЧЖда юздан ортиқ хотин-қиз бандлиги таъминланган. Улардан 80 нафари жамият тикув цехида, 35 нафари касаначилик асосида фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида 100 дан ортиқ ишсиз хотин-қиз тикувчилик йўналиши бўйича ўқитилди. Бунда жамият раҳбари, изланувчан тадбиркор Моҳидил Бўронованинг хизматлари катта.
Жийдакапа маданият марказида тадбиркорликка қизиқувчан ёшлар вакиллари билан учрашув ташкил этилди. Унда "Келажак бунёдкори" медали соҳибаси М. Бўронова ёшларга фаолияти ва келгуси режалари ҳақида сўзлаб берди.
-Илк фаолиятимни хонадонимда иккита тикув машинаси билан бошлаганман,-дейди тадбиркор. –Дастлаб болалар учун ёстиқ, кўрпа-тўшак тайёрлаган бўлсам, ҳозирда беш хил трикотаж маҳсулоти тикишни йўлга қўйдим. Мақсадим - ўзимизда тайёрланган маҳсулотларни экспортга йўналтириш.
Учрашувда М.Бўронова Юртбошимиз томонидан тадбиркорлар қўллаб-қувватланаётгани, кўрсатилаётган эътибордан мамнунлигини билдирди.






