Уйчи туман ички ишлар бўлими 1973 йилда қурилган эски бинода фаолият юритиб келаётган эди. Туман марказидаги уч қаватли бино мукаммал таъмирланиб, туман ички ишлар бўлими учун фойдаланишга топширилди.
“Оташ” хусусий корхонаси томонидан 5 млрд. 950 миллион сўм маблағ эвазига мукаммал таъмирланган бино бугунги кунда замонавий кўринишга эга бўлди. Бўлимдаги хизмат хоналари янги жиҳозлар ва замонавий техника воситалари билан таъминланди. Хоналар ёруғ ва шинам. Иссиқлик таъминоти ҳам тўлиқ янгиланди. Қўшимча фаоллар зали, спортзал, ошхона ҳам мавжуд.
Мустақиллик байрами арафасида мазкур бинонинг фойдаланишга топширилиши катта шодиёнага айланди. Маросимда Наманган вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Толибжон Юсупов, ИИБ бошлиғи Адил Атаходжаев, Уйчи тумани ҳокими Муҳаммадзокир Маматхоновлар сўзга чиқиб, барчани Мустақиллик байрами ҳамда мазкур бинонинг фойдаланишга топширилиши билан самимий табриклашди. Шундан сўнг соҳада ибратли фаолият олиб бораётган ички ишлар органи ходимларидан бир гуруҳига “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги”эсдалик нишони топширилди.
Рамзий лента қирқилиб, меҳмонлар ва тадбир иштирокчилари туман ички ишлар бўлими маъмурий биносида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.








