Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан эълон қилинган давлат гранти танловининг “Оилавий ажримлар, ноқонуний никоҳларнинг олдини олиш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашга кўмаклашиш” йўналиши бўйича тадбир ташкил этилди. У Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмасининг “Мустаҳкам оила-барқарор жамият асоси” лойиҳаси доирасида тумандаги ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган “Ажрим-ечим эмас” мавзусида бўлди.
Туман оила ва хотин-қизлар бўлими, туман "Нуроний" жамғармаси, туман ҳокимлиги ахборот хизмати, мактабгача ва мактаб таълими бўлими, камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими, "Худойберди эшон" жоме масжиди билан ҳамкорликдаги мазкур тадбирга ҳудуддаги нуронийлар, маҳалла фаоллари, диний идора вакиллари, оқила аёллар ҳаракати аъзолари, хотин-қизлар фаоллари, таълим-тарбия фидойилари, таниқли ижодкорлар ҳамда нотинч оила аъзолари кенг жалб этилди.
Тадбирни Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси ва лойиҳа раҳбари Э.Юнусова очди. Дастлаб Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романида кўрсатилган ўзбек оиласи маънавияти: ёшлар тарбияси ва муомала маданияти мавзусидаги видеоролик намойиш этилди.
Шундан сўнг дастур бўйича туман ҳокимининг ўринбосари С.Аҳмадалиева–“Ажрим-ечим эмас”, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Т.Исматиллаев “Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун”, Қизилровот масжиди имом ҳатиби Б.Раҳимов “Оила мустаҳкам бўлишининг асосий шартлари” мавзусида маърузалар қилишди.
Таниқли ижодкорлар А.Аҳмаджонов, А.Шерматов, К.Расулова, М.Қирғизовалар томонидан ажримларнинг нафақат бир оила, балки бутун жамиятга бўлган салбий таъсири ҳақида гапиришиб, нотинч оила вакилларига турли услубий қўлланмалар тарқатишди.






