Уйчи туман маданият марказида ана шу мавзудаги Республика кўрик-танловининг туман босқичи бўлиб ўтди.
Танловда «Нуроний» жамғармаси вилоят кенгаши масъул ҳодими Ш.Тўраев, туман кенгаши раиси Т.Исматиллаев нуронийларнинг фаолликларини эътироф этиб, иштирокчиларга омад тиладилар. Тўртта сектор ҳудудидан 2 нафардан маҳалла фуқаролар йиғини раисининг кекса фахрийлар маслаҳат гуруҳи раҳбарлари учта шарт бўйича баҳслашдилар. Улар "Бир нуроний – ўн нафар ёшга мураббий" тамойили асосида ўзлари истиқомат қилаётган маҳаллада иш юритиб, тарбияси оғир, маънавий кўмакка муҳтож, уюшмаган, ишсиз ёшлар билан ишлаш, уларнинг муаммоларини бевосита ҳал этиш борасида амалга оширган ишларини сўзлаб беришди ҳамда фотолавҳаларда акс эттиришди.
Танлов якунига кўра, 3-сектор ҳудудидаги Қумтепа МФЙ раисининг кекса фахрийлар маслаҳат гуруҳи раҳбари Маъруфжон Юлдашев фахрли биринчи ўринни эгаллаб, диплом ҳамда 2 миллион 310 минг сўм пул мукофотини қўлга киритди. Энди бу нуроний танловнинг вилоят босқичида туманимиз шарафини ҳимоя қилади. Бўстон МФЙ вакили Турғунбой Юлдашев иккинчи ўрин, диплом, 1 миллион 650 минг сўм, Ғайрат МФЙ фаоли Лутфиддин Мирзаев учинчи ўрин, диплом, 990 минг сўм пул мукофоти билан тақдирланишди. Фаол иштирокчиларга ҳам ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Туман маданият бўлими “Тарона” ашула ва рақс халқ ансамбли хонандалари ижросидаги қўшиқлар тадбирга ўзгача файз киритди.






