Уйчи туманидаги Чўртук маҳалла фуқаролар йиғини туманнинг энг чекка ҳудуди ҳисобланади.

Ҳудудда мактабгача таълим ташкилотининг йўқлиги боис кўплаб мурожаатлар келиб тушаётган эди. 7 млрд. 184 миллион сўм маблағ эвазига 240 ўринли бино қуриб, битказилиб, 12 та гуруҳ ва қисқа муддатли гуруҳларга 323 нафар бола қамраб олинди. Бир гектар майдонни эгаллаган мазкур бино замонавий ва кўркамлиги билан ҳам ажралиб туради. Бу ерда ишловчилар ва болажонлар учун барча шарт-шароитлар яратилган. Спортзал, ошхона, мусиқа зали, еттита ёзги айвонча, болалар ўйин майдони, сузиш ҳавзаси кичкинтойлар ихтиёрида. Ободонлаштирилган майдонларда ўзига хос бетакрорлик ва севимли эртак қаҳрамонларининг акс эттирилгани ҳам эътиборни тортади. Машғулот хоналарига 60 миллион сўмлик жиҳозлар ажратилди.Мустақиллик байрамига муносиб тўёна бўлган муассаса биносининг очилиш маросими ҳам катта шодиёнага айланиб кетди. Унга ташриф буюрган нуронийлар, меҳмонлар ва ота-оналар мазкур муассасада тарбияланадиган жажжилар келажакда ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етишларига тилак билдирдилар. Рамзий лента қиркилиб, шарт-шароитлар билан танишилди. Муассасада қўшимча рус, инглиз тили, шахмат, шашака, миллий рақс тўгаракларининг ҳам фаолияти йўлга қўйилгани барчага манзур бўлди.Маросимда туман ҳокимининг ўринбосари Аброр Собиров иштирок этди.