“Шодиёна” тантаналар мажмуасида ташкилланган тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари, ижтимоий тармоқ фаоллари ва блогерлар жам бўлишди.
Тадбир иштирок этган Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов соҳа ходимларини қизғин табриклаб, уларнинг меҳнатини эътироф этди.
- Сизлар каби олижаноб касб эгаларининг саъй-ҳаракатлари, истеъдод ва маҳорати билан мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари халқимиз ҳаётига, унинг қувонч ва ташвишларига тобора яқин бўлиб, Ўзбекистоннинг янги, демократик қиёфасини шакллантиришда ғоят муҳим роль ўйнамоқда. Ҳақиқатан ҳам, ҳар қандай мураккаб шароитда ҳам адолат тамойилига, ўзининг ҳаётий ва ижодий принципларига содиқ қолиш, одамларни қийнаётган камчилик ва муаммоларни дадиллик билан кўтариб чиқиш, уларни бартараф этиш учун жамоатчилик фикрини шакллантиришга, аввало, Сизлар каби маънавий жасорат эгаларигина қодир бўлади.
Касб байрамингиз билан яна бир бор қутлаб, сиҳат-саломатлик, хонадонингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман, - деди вилоят раҳбари.
Байрам тантанасида вилоятимиз медиа майдонидаги фаол иштироки, хусусан, амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг ёритишдаги ташаббускорлиги, шунингдек, жамиятимизда демократик қадриятларни қарор топтириш, фуқароларимизнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, дунёда ва мамлакатимизда содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, воқеа-ҳодисалар ҳақида тезкор ва ҳаққоний маълумотлар етказиш борасидаги фидокорона меҳнатлари учун бир қатор фахрийлар, серқирра, ёш журналистлар ҳамда блогерлар ҳокимликнинг эсдалик ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.
Оммавий ахборот воситалари куни муносабати билан ташкил этилган тантанали кеча куй-қўшиқларга уланди ва барчага байрамона кайфият улашди.
Яна бир бор байрам муборак бўлсин, қадрли ОАВ вакиллари!






