Ер – бебаҳо миллий бойлимиз. Ундан қанча самарали фойдалансак, унумдорлигини оширсак ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун зарур бўлган маҳсулотларни кўпроқ етиштирсак, иқтисодиётимиз шунча юксалади. Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, бугун мамлакатимиз иқтисодий барқарорлигини юксалтиришда ерларни тўғри тақсимлаш ва ер майдонлари илмини яхши эгаллаган, унга меҳрини бериб ишлайдиган мулкдорга беришнинг аҳамияти ниҳоятда катта.
Куни кеча Президентимизнинг мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқот шаклидаги учрашувда сўзлаган нутқида ҳам бу ҳақда батафсил фикр юритилди. Унда қишлоқ хўжалиги ерлари – бизнинг бебаҳо миллий бойлигимиз, бу – озиқ-овқат хавфсизлигининг асоси, оддий қишлоқ аҳолисининг кундалик ҳаёти экани таъкидланиб, ушбу ерлар очиқ танлов асосида фақат ижарага берилиши айтиб ўтилди.
Бу танловда барча – деҳқон ҳам, фермер ҳам, агрофирма ва кластерлар ҳам тенг шартларда иштирок этиши лозим. Бинобарин, қишлоқ хўжалигига кирмайдиган ер майдонлари эса фақат аукцион орқали сотилиши белгиланди ва аксарият ҳолларда аукционга қўйилган ер майдонлари тадбиркорга маъқул жойлардан эмас, балки олис, чекка ҳудудлардан, инфратузилмаси бўлмаган жойлардан берилаётганига, яхши ер майдонлари эса, ҳар хил йўллар билан ҳокимлар қарори асосида тўғридан-тўғри бериб келинганига ҳам эътибор қаратилди.
Президентимиз шу жиҳатга алоҳида урғу бердики, эндиликда ер майдонлари фақат ва фақат очиқ-ошкора аукцион орқали хусусий мулк сифатида сотилади ёки ижарага берилади. Баъзи кишилар “ер хусусий бўлди нима-ю, хусусий бўлмади нима”, деган фикрга келиши мумкин. Бир нарсани аниқ билиб олиш зарур: хусусийлашгани билан ер майдонлари камайиб ёки кўпайиб қолмайди, лекин унинг бозор қиймати пайдо бўлади. Ери бор одам ҳақиқий мулкдорга, капитал эгасига айланади. Зотан, ерларни ҳақиқий эгасига адолатли тарзда берилиши мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараларида ҳам яққол акс этади.
Барно Мирзамова,Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати






