Бугунги кунда дунё харитаси одам савдоси муаммосига дуч келмаган бирорта давлат йўқ. Дунёдаги барча мамлакатлар одам савдосидан жабрланади. Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳисоб китобларига кўра бутун дунёда 30 миллиондан ошиқ киши қулдорликнинг замонавий шакли қурбонига айланяпти. Одамлар 127 мамлакатдан сотувга чиқаётганлиги ва улар 137 давлатда эксплуатация қилинаётганлиги аниқланган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, одам савдоси қурбонларининг 71 фоизини аёллар ва болалар ташкил этади.Шунинг учун ҳам БМТ Бош Ассамблеясининг 2010 йил 30 июлда “Одам савдосига қарши курашиш бўйича” Глобал ҳаракат дастури қабул қилинган. БМТ томонидан 2013 йил 30 июль куни Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни деб эълон қилинган.Ўзбекистонда одам савдоси, хусусан, унинг трансмиллий кўринишларига қарши қатъий чоралар қабул қилинмоқда.Одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида юртимизда ҳам қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Бу иллат билан курашишда нафақат давлат ташкилотлари, шу жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда халқаро ташкилотлар ҳам манзилли ишларни амалга оширмоқда.2008 йилда Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган. Мазкур қонунга 2020 йил 17 августдаги Қонун билан бир қарор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.Мамлакатимиз Олий Мажлиси томонидан сўнгги йилларда одам савдосига қарши курашишга оид кўплаб халқаро ҳужжатларда назарда тутилган нормалар миллий қонунчилигимизга имплементация қилинган. Хорижий давлатлар билан уюшган жиноятчилик, шу жумладан, одам савдосига қарши курашиш бўйича ўттиздан ортиқ икки томонлама шартнома ва битимлар имзоланган. Қонунга асосан одам савдоси — куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд мажбурлашнинг бошқа шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш йўли билан одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш. Одамлардан фойдаланиш бошқа шахсларнинг фоҳишалигидан фойдаланишни ёки улардан шаҳвоний фойдаланишнинг ўзга шаклларини, мажбурий меҳнатни ёки хизматларни, қулликни ёхуд қулликка ўхшаш одатларни, эрксизлик ҳолатини ёхуд инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини олишни англатади. Одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг энг кўп тарқалган турлари – одамларни бевосита сотиш ва сотиб олиш, қуллик, эрксизлик ва қарамлик, эркаклар ва аёлларнинг меҳнат эксплуатацияси, одамларни уларнинг аъзоларидан фойдаланиш мақсадида сотиш, болаларни сотиш ва сотиб олиш ҳисобланади.Республикамизда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия ташкил этилиб, ўз фаолиятини олиб бормоқда. Идоралараро комиссиянинг вазифаларидан бири бу давлат органларини одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш йўналишидаги фаолиятини бирлаштириш ҳисобланади.Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддасининг 3-қисмида одам савдоси, яъни одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш каби жинотларини содир этганлик учун саккиз йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазо чоралари белгиланган.

Тўхтамурод Ражабов,Наманган вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси