Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Барно Мирзамова Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилган ташвиқот тадбирларнинг навбатдагисини Уйчи туманидаги 28-, 34-, 41-мактабларда маҳалла фаоллари, нуронийлар, хотин-қизлар иштирокида ташкил қилди.
Конституцияда камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича давлат ўзига қатор янги мажбуриятлар олиши белгиланмоқда. Умуман давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига доир нормалар уч баробарга ошмоқда.
Бундан ташқари, қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун адолатли ҳақ олиш, дам олиш, давлат ҳисобидан тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини олиш, шаҳарсозлик, бюджет соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш каби ҳуқуқларнинг киритилиши фуқароларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиради.






