Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси саволи бор, лекин жавоби бўлмаган баъзи масалаларга ойдинлик киритиб бермоқда.

Обуначиларимиз амалдаги Меҳнат кодексининг 98-моддасини жуда яхши билишади: ҳалиги корхоналар қайта ташкил этилганда ёки корхона мулкдори алмашганда ходимларнинг меҳнат муносабатлари уларнинг розилиги билан давом этиши ҳақидаги норма борку, ўшани айтяпман.

Бунда ходимнинг меҳнат муносабатларини давом эттириш учун унинг расмий розилиги олинади: биз бундай вазиятларда амалиётда ходимдан розилик аризаси оламиз ва "меҳнат муносабатларини давом эттириш ҳақида" буйруқ расмийлаштирамиз.

Демак, ходим рози бўлса йўлимиз аниқ. Лекин у рози бўлмасачи? Шундай. "Корхона қайта ташкил этилганда ёки корхона мулкдори алмашганда, ходим меҳнатни давом эттиришга рози бўлмаса, нима чора кўрилиши керак" деган савол жавобсиз қолиб кетган эди.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 156-моддасида ниҳоят ана шу саволга жавоб берилмоқда. Эътибор беринг, янги МК 156-моддаси амалдаги МК 98-модданинг ўрнига келмоқда.

Хуллас, янги МКнинг 156-моддаси 1-қисмига кўра, "ташкилотнинг мулкдори алмашганда, худди шунингдек ташкилот қайта ташкил этилганда (қўшиб юборилганда, қўшиб олинганда, бўлинганда, ажратиб чиқарилганда, ўзгартирилганда) якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар ходимнинг розилиги билан давом эттирилади" (амалдаги МК 98-моддаси 1-қисми ҳам деярли шундай эди).

156-модданинг 4-қисмига биноан, "ташкилотнинг идоравий тааллуқлилиги (бўйсунуви) ўзгарганлиги ёки қайта ташкил этилганлиги (қўшиб юборилганлиги, қўшиб олинганлиги, бўлинганлиги, ажратиб чиқарилганлиги, ўзгартирилганлиги) ушбу ташкилотнинг ходимлари билан меҳнат шартномаларини бекор қилиш учун асос бўлмайди" (амалдаги МК 98-модда 3-қисми ҳам шундай) .

☝️Ана энди янги МК 156-моддаси 5-қисмидаги мана бу қоидага аҳамият беринг:

➖ходим ушбу модданинг биринчи ёки тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда ишни давом эттиришни рад этганда ходим билан тузилган меҳнат шартномаси ушбу Кодекснинг 173-моддасига мувофиқ тегишли ишдан бўшатиш нафақаси тўланган ҳолда бекор қилинади.

Яъни биз айтган саволга жавоб шу. Корхона қайта ташкил этилганда, ёки корхона мулкдори ўзгарганда, ё бўлмасам, корхонанинг бўйсинуви ўзгарса, ходимнинг меҳнат муносабатлари давом этаверади.

Агар ходим бундай ҳолатларда, ишни давом эттиришни рад этадиган бўлса (қайта ташкил қилинган, мулкдори ўзгарган ёки бўйсинуви ўзгарган ишхонасида ортиқ ишлашни истамаса), юқоридаги 156-модда бу ходим учун ишдан бўшатиш моддасига айланади.

Ва ходим билан тузилган меҳнат шартномаси янги МКнинг 156-моддаси 5-қисмига асосан "ходим ишни давом эттиришни рад этганлиги муносабати билан" деган важ (таъриф) билан бекор қилинади.Шокиржон Дадабоев,Уйчи туман адлия бўлими юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юристконсулти