Уйчи туманида “Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!” бош ғоя асосида ўтказилаётган умумхалқ байрами сайл тарзида кенг нишонланди.
Эрта тонгдан “Мустақиллик боғи”да байрамона шукуҳ намоён бўлди. Карнай-сурнай наволари барчани сайлга чорлади. Кўкламнинг тансиқ таомлари билан безатилган байрам дастурхонлари атрофидан нуроний отахон ва онахонлар жой олишди. Дошқозонларда палов дамланиб, барчага улашилди. Тадбиркор ва ҳунармандлар, гулчилар ўз кўргазмалари билан қатнашдилар.
“Мустақиллик боғи”да турли атракционларда ўйнаб-қувнаётган болажонларнинг севинчи чексиз. Кичкинтойларга музқаймоқ ва ширинликлар ҳадя этилди.
Боғ марказидаги амфитеатрда туман маданият бўлими ҳамда таниқли санъаткорлар Отабек Муҳаммадзоҳид, Севинч Исмоиловалар иштирокидаги байрам концерт дастури барчага хушнудлик бағишлади.
Шодиёналарда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Р.Абдуллаев, туман ҳокими Ш.Мусаев, сектор раҳбарлари иштирок этдилар.






