Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида меҳнат шартномасини бекор қилишнинг айрим янги ва қўшимча асослари кўзда тутилмоқда.
Шулардан бири меҳнат шартномасини ходимнинг иш берувчи билан бирга бошқа жойга ишлаш учун кўчишни рад этиши муносабати билан бекор қилишдир.
Янги МКда меҳнат шартномасини бекор қилишнинг умумий асослари 155-моддада кўрсатилган бўлиб, унда жами 11 та асос (банд) келтирилган.
(Маълумот учун, янги МК 155-моддаси амалдаги МКнинг 97-моддасининг ўрнига ўтмоқда, яъни 30 апрелдан “МК 97-модда” ўрнига биз “МК 155-модда” дейдиган бўламиз).
Ана шу 155-модданинг 2-қисми 7-бандида меҳнат шартномасини ходимнинг иш берувчи билан бирга бошқа жойга ишлаш учун кўчишни рад этиши муносабати билан бекор қилиш амалиёти келтирилган. Ҳамда бу асос билан ишдан бўшатиш 7-бандда МК 146-модда 5-қисмига ҳавола қилинган.
Яъни, бу ишдан бўшатиш амалиётининг буйруқда қўлланадиган (ёзиладиган) алоҳида асоси 146-модданинг 5-қисми бўлади.
1. Ҳуллас, агар иш берувчи бошқа жойга, яъни ходимнинг яшаш жойидан унга яшаш жойига қайтиш имконини бермайдиган масофада жойлашган бошқа ҳудудга кўчадиган бўлса, ходимни камида 2 ой аввал бу ҳақида ёзма равишда огоҳлантириши керак бўлади.
2. Иш берувчи бу огоҳлантириш муддатининг 2 хафтадан ошадиган қисмини ходимдан сўрамасдан пуллик компенсацияга алмаштиришга ҳақли. Қолган 2 хафталик қисмини у билан келишиб алмаштириши мумкин.
3. Ходим рози бўлса хоп-хоп, бу бўйича иш берувчи билан бошқа жойга кўчиб ўтишга розилиги қўшимча келишув тузиш ва буйруқ чиқариш йўли билан расмийлаштирилади.
❓Лекин ходим рози бўлмасачи??? Айни мана шу жойида жараён меҳнат шартномасини бекор қилишга айланиб кетиши мумкин.
4. Яъни, янги МКнинг 146-моддаси 5-қисмига биноан ходим иш берувчи билан бирга бошқа жойга кўчишни ёзма равишда рад этган тақдирда, у билан тузилган меҳнат шартномаси “ходим иш берувчи билан бирга бошқа жойга кўчишни рад этганлиги сабабли” деган асос (таъриф) билан бекор қилинади.
5. Бундай ҳолатларда меҳнат шартномаси ходимга ишдан бўшатиш нафақаси тўланган ва ишга жойлашиш даврида ўртача иш ҳақи тўловлари сақланган ҳолда бекор қилинади: албатта, буйруқ чиқариш йўли билан.
☝️Ходимнинг рад жавоби огоҳлантириш муддати даврида у томонидан берилган раддия аризаси ёки ёзма шаклда муносабат бермаса, рад этиш факти ҳозир бўлган гувоҳлар иштирокида тузилган далолатнома билан расмийлаштирилади.
(2023 йил 30 апрелдан кучга кирадиган янги МКнинг 146 ва 155-моддалари).
Шокиржон Дадабоев, Уйчи туман Адлия булими Юридик хизмат курсатиш маркази бошюрисконсульти






