Биз меҳнат ҳуқуқлари соҳасидаги имтиёзлар борасида халқаро шартномалар ва халқаро конвенциялар бизнинг маҳаллий қонунларимиздан устун эканлигини англашимиз керак.
▪️Амалдаги Меҳнат кодексининг 10-моддаси 1-қисмида "агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида ёки Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган конвенциясида ходимлар учун меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ёки бошқа норматив ҳужжатларга нисбатан имтиёзлироқ қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома ёки конвенциянинг қоидалари қўлланилади" дейилган.
☝️Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси (унда ҳам 10-моддада)да ҳам деярли шу қоида сақланиб қолган.
Масалан, агар бизнинг меҳнат қонунчилигимизда “ходимларни 2 та ҳолатда бўшатиб бўлмайди” дейилган бўлса, бироқ, биз ратификация қилинган халқаро ҳужжатда “ходимларни 4 та ҳолатда бўшатиб бўлмайди” дейилган бўлса, демак ўша конвенция қоидалари қўлланилиши керак. Бунда ходимлар 1 та эмас, 4 та ҳолатда ишдан бўшатиб бўлмаслигига оид қоидалар ишлайди.
Гап шундаки, Ўзбекистонда 1995 йил 6 майда ратификация қилинган “Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Конвенцияда аёллар учун бизнинг Меҳнат кодекси (ҳам амалдаги, ҳам янги Меҳнат кодекси)га қараганда имтиёзлироқ нормалар назарда тутилган.
Мисол учун, амалдаги МКнинг 237-моддасида корхонанинг бутунлай тугатилишидан ташқари ҳомиладор аёллар ва 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмаслиги кўрсатилган. Бундан ташқари, бундай аёллар билан муддатли меҳнат шартномаси бекор қилинганда ҳам уларни ишга жойлаштириш чоралари кўрилиши шартлиги белгиланган. Янги МКнинг 408-моддасида корхона тугатилишидан ташқари ҳомиладор аёлларни бошқа асослар бўйича иш берувчи ташаббуси билан ишдан бўшатиш мумкинмаслиги айтиб ўтилган. Янги МК 409-моддасида эса 3 ёшга тўлмаган аёллар билан корхона тугатилиши, меҳнат вазифаларини мунтазам бузиш ёки бир марта қўпол равишда бузиш асосларидан ташқари бошқа асослар бўйича иш берувчи ташаббуси билан бўшатиш таъқиқланиши қайд этилган.
Эътибор берсангиз, маҳаллий қонунчилигимиздаги ҳомиладор ва 3 ёшгача болали аёлларни бўшатишга чекловлар асосан иш берувчи ташаббусига кўра (амалдаги МК 100-модда, янги МК 161-моддадаги) ишдан бўшатишларга тегишли, тўғрими?
▪️“Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Конвенциянинг 6-бандида эса шундай дейилган:
➖аёл ушбу Конвенциянинг 3-модда қоидаларига мувофиқ унга берилган оналик таътили асосида ишда бўлмаса ва шу пайтда иш берувчи томонидан ушбу аёлнинг ишдан бўшатиш тўғрисида буйруқ қабул қилинса ёки ушбу аёлнинг бундай таътили пайтида муддати тугайдиган буйруқ қабул қилинса, бундай буйруқ ноқонуний ҳисобланади.
Конвенциядаги мазкур қоида оналик таътилида, яъни ҳомиладорлик ва туғиш таътилида, фарзанди 2 ёшга тўлгунига қадар ва фарзанди 3 ёшга тўлгунга қадар бола парваришлаш таътилида бўлган аёлларга яна кўпроқ имтиёз бермоқда. Ишдан бўшатишлар бўйича Меҳнат кодексида кўрсатилганидан кўра кўпроқ имтиёз демоқчиман.
Яъни, Конвенцияда агар аёллар оналик таътилида бўлса, уларнинг истагига (яъни, ходимнинг ташаббусига кўра, ёки тарафлар келишувига) зид бўлган бошқа кўплаб асослар бўйича ҳам уларни ишдан бўшатиб бўлмаслиги назарда тутилмоқда.
Шокиржон Дадабоев,Уйчи туман Адлия булими Юридик хизмат курсатиш маркази бошюрисконсульти






