Амалдаги Меҳнат кодексининг 105-моддасига кўра "муддатли меҳнат шартномаси муддати тугаши билан бекор қилинади" деган қоида бор.

Бу қоидага мувофиқ биз ходимнинг муддатли шартномаси муддати тугаяптими, шунчаки биргина буйруқ билан бекор қилишимиз мумкин бўлган. Ҳозир ҳам шундай, чунки амалдаги МК ўз кучидада.

Лекин 2023 йил 30 апрелда янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси кучга кирар экан, шу кундан бошлаб бу тартиб оз-моз ўзгаради.

Янги МКнинг 158-моддасига асосан муддатли меҳнат шартномасини муддати тугаши сабабли бекор қилишдан аввал иш берувчи ходимни (ёки тескариси – ходим иш берувчини) камида 3 календарь кун олдин ёзма равишда огоҳлантириши керак. Бироқ иш жойи (лавозими) сақланаётган ходим йўқ бўлган даврга муддатли шартнома билан ишга олинган ходимлар бундан мустаснодир.

Яъни, муддатли меҳнат шартномасини айнан муддати тугаши сабабли бекор қиладиган бўлсангиз, демак 2 та ҳужжат расмийлаштирингиз зарур бўлади.

➖Биринчиси, ходимга камида 3 кун олдин берилган огоҳлантириш хати, ➖иккинчиси, меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқ.

Агар ходим вақтинча ишда бўлмаган ва иш жойи сақланадиган ходимнинг ишга қайтиш муддатига олинган бўлса (мисол учун, декретга кетган ходимнинг ўрнига), бундай ҳолатларда 3 кунлик огоҳлантириш талаби мажбурий эмас. Буйруқнинг ўзи етарли бўлади.

Амалдаги МК 105-моддадаги қолган талаблар эса деярли ўзгаришсиз қолмоқда.

Шокиржон Дадабоев,Уйчи туман адлия бўлими юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юристконсульти