Электр энергияси – бебаҳо неъмат. Бугун тизимда етишмовчилик кузатилаётган бир пайтда ундан ўғринча фойдаланиб келаётган фуқаролар ҳам, минг афсуски, учраб турибди.
Уйчи туман электр таъминоти корхонаси масъулларидан иборат ишчи гуруҳи Қашқар маҳалласида бўлишганда, фуқаро Дилафрўз Абдуллаева хонадонида ҳисоблагичдан ташқари тўғридан-тўғри фойдаланиб келаётганлиги аниқланди. Ваҳоланки, унинг фойдаланилган электр энергиясидан 3,5 миллион сўм қарзи ҳам мавжуд.
Гулистон, Бўёғон маҳаллаларида истиқомат қилувчи Иброҳим Мамажонов, Жўрабек Турсуновлар ҳам электр энергиясидан ҳисоблагичсиз, ноқонуний тарзда фойдаланиб келишган.
Истиқлол маҳалласида яшовчи Шавкатжон Мамажонов эса 4 миллион 300 минг сўм қарзи бўла туриб, ўғринча электрдан фойдаланган.
Электрдан ноқонуний тарзда фойдаланган бу фуқароларга тегишли тартибда далолатнома расмийлаштирилди. Энди улар қонун олдида жавоб берадилар.







