ПФ-14-сонли фармонда кўрсатилган деярли барча давлат органлари вақтинчалик тузилмаларини, вақтинчалик штатларини тасдиқлади. Уларнинг баъзиларида қисқартириш бор, айримларида эса йўқ. Лекин ўша айримларида бўлинмалар ёки лавозимларда ўзгаришлар бўлаётган бўлиши мумкин.
Айни мана шунга ўхшаш вазиятларда мутасаддилар кўпинча меҳнат шартларини ўзгариши (МК 89-модда) вазиятини штатлар қисқариши (МК 100-модда 2-қисм 1-банди) вазиятига адаштириб юборишади. Албатта бу нотўғри, ёмон томони, эртага бу жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.
МК 89-модда талабига кўра агар технологиядаги, ишлаб чиқаришдаги ёки меҳнатни ташкил этишда (масалан янги тузилма тасдиқланганда)ги ўзгаришлар ходимнинг иш ҳусусиятини ўзгаришига олиб келса, иш берувчи ходимнинг розилигисиз унинг меҳнат шартларини ўзгартиришга ҳақли. Асосийси, бу жараённи қисқартириш билан чалкаштирмаслик керак. Сабаби, қисқартириш бўлмайди бунда.
Келинг, ўзгариш ва қисқартиришни оддий бир мисол орқали бир-биридан фарқини кўриб чиқамиз.
1. Қисқартириш. Ташкилотда бир бўлим бор эди. Унда 3 та ходим: 1 нафар бўлим бошлиғи, 1 нафар бош мутахассис ва 1 нафар етакчи мутахассис ишлар эди. Янги штат жадвали тасдиқланди ва 1 нафар бош мутахассис лавозими штатдан чиқариб ташланди. Натижада бўлимда 2 нафар ходим, яъни1 нафар бўлим бошлиғи ва 1 нафар етакчи мутахассис қолди. Бу нима? Эээ балли! Бу қисқартириш, тўппа-тўғри. Бундай ҳолатда қисқартиришга тушган ходим МК 100-модда 2-қисм 1-банди билан иш берувчи ташаббусига кўра бўшатилиши мумкин.
2. Ўзгариш, яъни, меҳнат шартларининг ўзгариши. Худди ўша бўлим, унда 1 та бўлим бошлиғи, 1 та бош мутахассис ва 1 та етакчи мутахассис ишлаётганди. Янги штат жадвали тасдиқланганда бўлимдаги ходимлар сони ўзгармади. Лекин бош мутахассис лавозими етакчи мутахассис лавозимига ўзгартирилди. Эътибор беряпсизми? 1 нафар бўлим бошлиғи ўз ўрнида қолмоқда ва 2 нафар етакчи мутахассис лавозими бўляпти. Ходимлар сонида ўзгариш борми? Йўқ. Қисқартириш борми? Албатта йўқ. Айнан мана шу жараённи, яъни бош мутахассис лавозимининг етакчи мутахассис лавозимига ўзгарганлигини биз МК 89-моддадаги меҳнат шартларини ўзгариши деймиз. Тушундингизми? Бош мутахассис лавозими қисқармаяпти, шунчаки бошқа лавозимга ўзгармоқда. Бундай ҳолатларда иш берувчи МК 89-моддага мувофиқ иш тутади. Яъни, ходимни (бош мутахассис бўлиб ишлаб келган Турсун акани) камида 2 ой олдин огоҳлантириб, алоҳида буйруқ билан унинг розилигисиз етакчи мутахассисликка ўтказиб, тўғрироғи, лавозимини ўзгартириб қўяди.
Нима учун бу масалага тўхталдим?
Юқоридаги фарқни тушунмаганлар, аслида меҳнат шартлари ўзгараётган анави бош мутахассисга хатолик билан "лавозимингиз қисқараётганлиги сабабли, 2 ойдан кейин ишдан кетасиз" деб огоҳлантириш беради ва МК 100-модда билан ишдан бўшатиб юборади. Натижада қонунни қўпол равишда бузган бўлади.
Фарқни тушунганлар эса, "ҳаммаси жойида, шунчаки меҳнат шартлариз ўзгариб, бошдан етакчига ўтасиз, окей" дейди ва қонунга тўлиқ риоя этган ҳолда ходимнинг меҳнат шартларини ўзгартиради. Яъни, ходимни бўшатмайди.
Шокиржон Дадабоев,Уйчи туман адлия бўлими юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юристконсульти.






