2023 йил «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб эълон қилинди. Уйчи туман ҳокимлигида бўлиб ўтган танқидий, таҳлилий муҳокама йиғилиши 2022 йилда тумандаги умумтаълим муассасаларининг ўқув тарбиявий жиҳатдан фаолиятига бағишланди.
Уни туман ҳокими Шуҳрат Мусаев очди ва бошқариб борди. Дастлаб туман ХТБ мудири Музаффар Мўминов тумандаги мавжуд 46 та умумтаълим мактабининг 8 та йўналишдаги параметрлар асосида фаолиятини таҳлил қилди.
Маърузада таъкидланганидек, 2022-2023 ўқув йилида жами 39709 нафар ўқувчига 2697 нафар педагог таълим-тарбия бериб келмоқда.
Миллий рейтингда 22-мактаб 30,59 балл билан туманда 1-, вилоятда 43- ва республикада 427 -ўринни қўлга киритган бўлса, кейинги ўринларни 6,12,26-мактаблар жамоалари эгаллаган. 16,30-мактаблар эса энг қуйи ўринларда.
Давлат олий таълим муассасаларига кириш бўйича 1, 26, 31, 39, 43-мактабларнинг битирувчилари 30 фоиздан юқори бўлгани ҳолда 30, 42, 44-мактабларда паст кўрсаткич қайд этилган.
Фан олимпиадасининг туман натижалари бўйича 6-мактаб 15 та, 26-мактаб 10 та, 7-мактаб 9 та, 5, 22, 40-мактаблар 8 тадан совринли ўринларни банд этган. 13, 15, 16, 19, 24, 29, 30, 31, 41, 43, 46-сонли мактаблардан эса умуман совринли ўринлар қўлга киритилмаган.
Муҳокама йиғилиши давомида келгусида амалга ошириладиган муҳим вазифалар белгилаб олинди.






