Халқ саломатлиги ва соғлом миллат генофонди ҳар бир давлатнинг муҳим бойлиги саналади. Шу боис, мамлакатимизда фуқаролар, шунингдек, давлат хизматчиларининг соғлиғини муҳофаза қилишга давлат сиёсатининг энг муҳим йўналиши сифатида эътибор қаратиб келинмоқда.
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунида, давлат фуқаролик хизматчисига тиббий хизмат кўрсатиш ижтимоий ҳимоя чораси сифатида кафолатланган.
Тиббий кўрик - инсонлар саломатлигини сақлаш, касалликлар келиб чиқиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида ўтказиладиган тадбирдир. Тиббий кўрикнинг аҳамияти шундаки, ўз вақтида ўтказиладиган тиббий кўрик доимо соғлом бўлиб юриш имкониятини яратади.Давлат хизматчиларининг ҳам тиббий кўрикдан ўтиши уларнинг самарали фаолият олиб боришлари учун муҳим аҳамиятга эга.Айнан шу мақсадни кўзлаб, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташаббуси билан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда вилоят ва туман (шаҳар) ҳокимликларида фаолият олиб борадиган давлат хизматчилари тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.
Бугун Уйчи тумани ҳокимлиги ходимлари ҳам малакали мутахассислар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилди.
Замонавий тиббиёт кўпгина касалликларни даволаш имкониятига эга. Лекин, касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олиш осонлигини унутмаслигимиз керак.






