Наманган вилоятига ташриф буюрган Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё тумани ҳоким ёрдамчилари ва тадбиркорлари Уйчи туманида янги иш ўринлари яратилиши ва тадбиркорлар фаолияти билан танишдилар.
Дастлаб, меҳмонлар 3-секторда жойлашган “Қумтепа” кичик саноат зонасида бўлишди. 3,1 гектар майдонни эгаллаган мазкур саноат зонасида 20,2 млрд. сўмлик 52 та лойиҳа амалга оширилиши, 250 та иш ўринлари яратилиши режалаштирилган бўлиб, амалда темир дарвозалар ишлаб чиқариш бўйича 12 та лойиҳа ишга тушган ва 60 нафар ишсиз фуқаро бандлиги таъминланган.
4-сектор ҳудудидаги Хўжаобод МФЙда фаолият кўрсатаётган тадбиркор Илҳомжон Тўхтамирзаевнинг чинни буюмлар ишлаб чиқариш ва касаначилик асосида безак беришни ташкил этиш лойиҳаси ҳам меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Ўз хонадонини кулолчилик корхонасига айлантирган, элликдан ортиқ ишсиз хотин-қизнинг бандлигини таъминлаган тадбиркор айни вақтда 25 турда чинни маҳсулотлари ишлаб чиқармоқда. Маҳсулотлар қўшни Қирғизистонга экспорт қилиняпти, ички бозорда ҳам харидоргир.
Наманган вилояти маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги бўлим бошлиғи А.Турдибоев, туман маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш маркази раҳбари Т. Мирзабоевлар меҳмонларни Уйчи туманини ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантириш бўйича амалга оширилаётган истиқболдаги режалар билан ҳам таништиришди.
Амударёлик меҳмонлар Уйчи тажрибасини ўз туманларида қўллаш бўйича фикрлашиб олдилар.







