Республика Маънавият ва маърифат маркази Уйчи туман бўлинмаси томонидан халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди давлат гранти асосида “Инсон қадри устувор давлат” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида “Жамоатчилик назорати: тажриба, таҳлил ва кузатувлар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Туман тиббиёт бирлашмаси кичик мажлислар залида ўтган мазкур анжуманда дастлаб лойиҳа раҳбари Э.Юнусова маълумот бериб ўтди. У ўз сўзида бугунги кунда давлат ва жамият бошқарувида, кундалик фаолиятимизда очиқлик ва ошкоралик тамойилларини кучайтириш мақсадида фуқароларнинг сўз эркинлиги, ахборот олиш ва тарқатишга оид конституциявий норманинг ижросини амалда тўлиқ таъминланиши зарурлиги, мазкур лойиҳанинг келиб чиқиш ғояси, мақсади ва кутилаётган натижалар ҳақида тўхталди. Жамоатчилик кенгаши аъзоси А.Нажмиддинов “Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонуни мазмун-моҳияти ҳақида” йиғилганларга тушунча берди. Мазкур қонун ижроси билан туман Кенгаши депутати А,Собитов бевосита ўзи томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида гапирди. Маҳала ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш туман бўлими бошлиғининг маслаҳатчиси Т.Исматиллаев, туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари М.Қамбаров, давлат тили бўйича маслаҳатчи Г.Мирзараҳимова, меҳнат фахрийлари Т.Солиев, Л.Ғаффоров, туман Кенгаши депутати Ғ.Жўраев мавзуга доир фикр-мулоҳазалар билдиришди.

Матбуот анжумани якунида ОАВ ҳамда блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Тадбир давомида лойиҳани самарали амалга оширилишида кўмаклашаётган фаоллар ва ОАВ, блогерлар вакилларига эсдалик совғалари топширилди.