Дўстлар, ташкилотнинг бўйсинувини ўзгартириш, бу хатто уни қайта ташкил этиш ҳам эмас, бу шунчаки бир ташкилот таркибидан бошқа ташкилот таркибига ўтказиш ҳисобланади холос.

Ташкилотларнинг бир орган таркибидан бошқа бир орган таркибига, яъни бўйсинувига ўтказилиши ходимларнинг меҳнат муносабатлари тўхтатишга уммуан асос бўлмайди. Яъни, ходимлар бўшатилмайди демоқчиман.

Чунки бу борада амалдаги МКнинг 98-моддаси 3-қисмида “корхонанинг бир орган бўйсунувидан бошқа орган бўйсунувига ўтказилиши меҳнат шартномасининг амал қилишини тўхтатмайди” дейилган.

Қаранг, ПФ-269-сонли Фармоннинг 4-иловасига кўра жами 24 та давлат органи бир давлат органи таркибидан бошқа бир орган таркибига ўтказилиши белгиланган. Шуларнинг ичида қайта ташкил этилмасдан, шунчаки бўйсинуви ўзгараётган ташкилотлар ҳам бор. Мисол учун, Ёшлар ишлари агентлиги янги Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, «Ўзархив» агентлиги Адлия вазирлиги, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бўйсинувига ўтказилмоқда.

Шунингдек, 4-иловада ҳам ташкилий-ҳуқуқий шакли (мақоми), ҳам бўйсинуви ўзгараётганлари ҳам бор. Ташкилотнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли ёки мақоми ўзгаришини ҳам қайта ташкил этиш дейиш тўғри бўлади. Яъни, бу вазиятда ҳам қайта ташкил этиш, ҳам бўйсинув ўзгариши юз беради.

Масалан, Фармоннинг 4-иловасидаги Давлат статистика қўмитаси Статистика агентлиги сифатида Президент ҳузурига, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Ўрмон хўжалиги агентлиги сифатида янги Табиат ресурслари вазирлиги бўйсинувига ўтмоқда. Бу ташкилотлар бўйича амалдаги МК 98-моддасининг 1-қисми ва 3-қисмидаги қоидалар қўлланилади. Яъни, ташкилот қайта ташкил этилганда ходимларнинг розилиги билан меҳнат муносабатлари давом этаверади ҳамда бўйсинув ўзгариши меҳнат шартномаси амал қилишини тўхтатмайди.

Айтмоқчи бўлаётганимиз, ПФ-269-сонли фармоннинг 4-иловасидаги 24 та давлат органида асосан бўйсинув ўзгариши юз бермоқда.

Шундай экан, раҳбарлар ходимларни “тугатиш” деб бўшатиб қўйиши жиддий қонунбузарлик бўлади.

Қисқартириш алоҳида масала энди. Яъни, давлат органларида 30 фоиз атрофида қисқариш бўлиши расман эълон қилинди. 4-иловадаги бўйсинуви ўзгараётган органларда ҳам қисқартириш юз бериши мумкин.

Бундай ҳолатларда фақатгина қисқаришга тушган ва шу идоранинг ўзида ишга жойлаштириш имкони бўлмаган ходимларгина ишдан кетади. Ҳозирча эса қисқартириш масаласида аниқ қарор қабул қилингани йўқ. Шокиржон Дадабоев,Уйчи туман адлия бўлими юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юристконсульти