Жорий йилнинг 13 август куни Уйчи туман маданият марказида туман ҳокими Муҳаммадзокир Маматхонов, сектор раҳбарлари иштирокида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва муаммоларини бартараф этиш юзасидан брифинг ташкил этилди. Унда ОАВ ва блогерлар вакиллари қатнашдилар.
Туман ҳокими Муҳаммадзокир Маматхонов жорий йилнинг 6 ойи давомида қабул қилинган мурожаатлар таҳлили бўйича маълумот берди. Маърузачининг таъкидлашича, туман ҳокимлигига жами 3330 та мурожаат келиб тушган. Шундан 1759 таси ёзма, 517 та оғзаки ҳамда 1054 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси орқали келиб тушган мурожаатлар. Бу мурожаатларнинг 115 таси юридик шахслардан ва 3210 таси жисмоний шахслардан келган. Ўтган даврда 1563 та (47,0 фоиз) қаноатлантирилган, 1142 та (34 фоиз) мурожаатга тушунтириш берилган, 2 та (0,6 фоиз) мурожаат асоссиз, деб топилиб, рад этилган, 27 таси (0,8 фоиз) тегишлилиги бўйича бошқа ташкилотларга юборилган, 520 таси (15,6 фоиз) ўрганилмоқда. Келиб тушаётган мурожаатларнинг масалалар кесимида таҳлил этилганда, йўл масаласи бўйича 46 та, ичимлик сув таъминоти бўйича 23 та, табиий газ бўйича 26 та, электр энергияси бўйича 44 та, ер ажратиш масаласида 163 та, моддий ёрдам 150 та, уй-жой масаласида 689 та, ишга жойлаштириш, иш ҳақи ва имтиёз масалаларида 80 та, уйларни таъмирлаш масалаларида 712 та, кредит масаласида 265 та, тадбиркорлик масаласида 561 та, коммунал хўжалик масаласида 93 тани ташкил этади.Бундан ташқари, “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак» тамойили асосида 91 марта “Сайёр қабул” ташкил этилди. Қабул давомида 528 та мурожаат келиб тушди. Шундан 19 таси бевосита ёшлар билан ташкил қилиниб, 307 та мурожаат келиб тушган, ушбу мурожаатнинг 273 таси ижобий ҳал этилган.
Юртбошимизнинг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилиш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги топшириқлар ижросини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонлари, қарорлари ҳамда туманнинг ижтимоий-иқтисодий фаолиятини кенг тарғиб қилиш, ҳуқуқий саводхонликни ошириш, фуқароларнинг мурожаатларини тинглаш, бевосита муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш бўйича ижтимоий тармоқлардан ҳам самарали фойдаланиш тизими йўлга қўйилган. Туман ҳокимлигининг “Uychi 24” телеграм канали орқали туман ҳаётига доир муҳим хабар ва янгиликлар бериб борилиши билан бирга, “@Hokimgamurojatbot” орқали юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари қабул қилинмоқда. Бундан ташқари, “Uychi24|chat” телеграм гуруҳи орқали аҳолининг талаб ва таклифлари ўрганилиб, саволларига ўрнида жавоб бериляпти. Телеграм канали орқали шанба, якшанбадан ташқари ҳар куни соат 21.00 да ва кундузги соатларда овозли чат ташкил қилиниб, жонли эфирда туман ҳокимининг ўринбосарлари, ташкилот раҳбарлари ва турли соҳа вакиллари билан мулоқотлар уюштирилмоқда. Ҳозирга қадар 36 марта овозли чат ўтказилди.Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.







