Ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифадаги фуқароларга биргина паспорт билан мурожаат қилиши кифоя бўладиган тизим жорий қилинади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги “Ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифадаги фуқароларга нафақа тайинлаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги 248-сон қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлмаган фуқароларга қатъий миқдорларда белгиланадиган етти турдаги нафақаларни тайинлаш учун ҳеч бир ҳужжатларсиз қисқа муддатларда ва энг эътиборлиси давлат идорасига ташриф буюрмасдан Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан рўйхат ўтиш орқали экстерриториал тартибда республика бўйича давлат ҳизматларига мурожаат этган ҳолда нафақаларни тайинлаш учун мурожаат қилиш ҳуқуқини берилади.

Амалдаги тартибда нафақа олиш учун фуқаролар фақатгина яшаш манзиллари бўйича Пенсия жамғармаси бўлимларига мурожаат қиладилар ҳамда фуқаролар томонидан нафақа турига қараб ўнга яқин ҳужжатларни қоғоз кўринишида тақдим қилинганидан сўнг ўн кунлик муддатда нафақа тайинлаш масаласи кўриб чиқилади.

Ушбу қарорга кўра нафақа тайинлаш учун мурожаат қилган фуқародан ҳеч қандай ҳужжатлар талаб қилинмасдан нафақа тайинлаш керакли ҳужжатлар Пенсия жамғармасининг «Пенсия» дастурий мажмуаси орқали тегишли вазирлик ва идоралар билан ахборот алмашинуви орқали 15 дақиқа ичида олинади ва нафақа тайинланади.

Эндиликда, ёшга доир, ногиронлик, боқувчисини йўқотганлик, болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор (бўлган) оналарга, болаликдан ногиронларга ва ўн саккиз ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга нафақалар тайинлаш учун аризалар Давлат хизматлари марказларига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан рўйхат ўтиш орқали мурожаат қиладилар.

Шунингдек, мазкур қарор билан қўшимчалар ва ўзгартиришга мувофиқ эндиликда манзил-колонияларида жазо муддатини ўтаётган, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар ижтимоий таъминот билан кафолатланади ҳамда фуқароларга нафақа улар мурожаат қилган кундан эмас, балки нафақага ҳуқуқи пайдо бўлган кундан бошлаб тайинланади ва тўланади, шу билан уларга ижтимоий жиҳатдан кўмаклашиш механизми яратилади.

Шокиржон УЛУҒХЎЖАЕВ,БТПЖ туман бўлими бошлиғи.