АҲМАД АЛ-ФАРҒОНИЙ

Chop kilish
Kurildi: 8

Олимнинг тўлиқ исми Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Касир ал-Фарғонийдир.

Манбаларда ёзилишича, унинг Фарғоналик эканлигидан ташқари деярли бошқа маълумотлар сақланмаган. Лекин шуни ҳам эътиборга олиш керакки, ўрта асрларда мусулмон ўлкаларида бўлган анъанага биноан, мамлакат пойтахти ёки марказини ҳам мамлакат номи билан аташган. Баъзи араб мамлакатларида бу одат ҳали ҳам сақланиб қолган. Миср пойтахти Қоҳирани - Миср Шом (Сурия)нинг пойтахти Дамашқни - Шом дейилиши шундан. Ана шу одатга кўра, ўрта асрлардаги Фарғона водийсининг марказий шаҳри Ахсикатни ҳам Фарғона дейишган. Ал-Фарғоний Фарғона водийсининг Қубо (Қува) қишлоғида туғилган.

Шуниси маълумки, ал-Фарғоний халифа Хорун ар-Рашиднинг шарқий ерлардаги муовини, ўғли Абдуллоҳнинг (бўлажак халифа ал-Маъмуннинг) Марвдаги олимлари доирасига кирган. Эҳтимол, Абдуллоҳ ёшлигидан билимга чанқоқ бўлгани учундир, 806 йили Марвга нойиб бўлиб тайинланганида, Мовароуннаҳр, Хуросон, Хоразмдан олимларни ва истеъдодли ёшларни тўплай бошлаган. Ал-Фарғонийнинг ҳаёти ҳақидаги энг сўнгги ва энг аниқ хабар 861 йил билан боғланади. Мавжуд маълумотларга кўра, у шу йили Қоҳира яқинидаги Равзо оролида нилометрни, яъни Нил дарёси суви сатҳини белгиловчи ускунани ясаган, ёки таъмирлаган. Бироқ ал-Фарғоний қандай қилиб, қандай шароитда Мисрга бориб қолганлиги ҳақида ҳам аниқ маълумот йўқ.

 Ал-Фарғонийнинг ҳаёти ҳақидаги маълумотлар жуда кам бўлганига қарамай, ўрта асрларда Шарқда унинг номи машҳур бўлган.  Жуда кўплаб фиҳристчилар, Ибн ан-Надим (X аср), Ибн ал-қифтий (XII-XIII асрлар), Абул Фараж Бар Эбрей (XIII аср), Шожи Ҳалифа (XVII аср)лар ўз асарларида тилга олиб ўтганлар.

Ал-Фарғонийнинг асосий астрономик асари "Самовий ҳаракатлар ва умумий илми нужум китоби" XII асрда Оврупада лотин тилига икки марта ва XVIII асрда бошқа Оврупа тилларига ҳам таржима қилинганидан сўнг унинг лотинлаштирилган номи "Алфраганус" шаклида Ғарбда бир неча аср давомида кенг тарқалади. Унинг бу китоби шу асрлар давомида Оврупа университетларида астрономиядан асосий дарслик вазифасини ўтади.

Фарғонийнинг номи Хоразмий каби бутун Шарқ ва Ғарбда машҳурдир. Ўрта асрда табиий-илмий билимларнинг ривожига улкан ҳисса қўшган олим сифатида манбаларда, сўнгги ғарб ва шарқ муаллифлари асарларида, ўз юрти Ўзбекистонда, айниқса, зўр ғурур ва ифтихор билан тилга олинади, ўрганилади.

Аниқ фанлар ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ ватандошимиз, қомусий аллома Аҳмад ал-Фарғоний илмий меросининг халқимиз маънавий-маданий ҳаётидаги ўрнини авлодларга тўла етказишдек муҳим  вазифа амалга ошади.

Фарҳоджон ПРИМНАЗАРОВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази Поп тумани бўлинмаси раҳбари.

Davlat ramzlari

Developed by jtemplate

 

2021 yil “Yoshlarni qo‘llab-quvvatlash va aholi salomatligini mustahkamlash yili”

Kommunal xizmatlar tarifi

Valyutalar kursi

  
© 2014, Namangan viloyati Uychi tumani hokimligining rasmiy axborot portali. Sayt materiallaridan foydalanilganda www.uychi.uz manbasi ko'rsatilishi shart.
Sayt Namangan viloyati hokimligining Kompyuterlashtirish markazi tomonidan ishlab chiqilgan.