АСОСИЙ ХАЛҚАРО-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТЛАРДАГИ УМУМЭЪТИРОФ ЭТИЛГАН САЙЛОВ ПРИНЦИПЛАРИ ВА МИЛЛИЙ ҚОНУНЧИЛИК

Chop kilish
Kurildi: 7

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг муқаддимасида Конституция инсон ҳуқуқларига содиқликни эълон қилиб, демократияга садоқатни намоён этиб, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари устунлигини тан олган ҳолда, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзлаб, қабул қилинганлиги кўрсатилган.

Шу йил 22 декабрда бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига бўлиб ўтадиган сайлов Ватанимиз янги тарихида ғоят муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа бўлиб ҳисобланади. Зеро, мамлакатимиз келажаги, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг суръати ва давомийлиги, ички ва ташқи сиёсатимиз сайловчилар қабул қиладиган қарорга боғлиқ.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 6 ноябрдаги ПҚ-4004-сонли қарорида сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш, шунингдек, фуқаролар конституциявий сайлов ҳуқуқларининг амалга оширилишини таъминлаш бўйича умумэътироф этилган халқаро принциплар ва стандартларни ҳисобга олган ҳолда, сайлов тизими ва қонунчилигини босқичма-босқич либераллаштириш Ўзбекистон Республикаси сайлов тизимини янада такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишларидан биринчиси этиб белгиланган.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексини қабул қилишнинг мақсадларидан бири ҳам айнан замонавий халқаро сайлов стандартларини ҳисобга олган ҳолда сайлов тизимининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш эди.

Эркин ва адолатли сайловлар мезонлари тўғрисидаги Декларациянинг 4-бандида доимий ҳақиқий эркин ва адолатли сайловлар ўтказиш учун халқаро ҳуқуқий мажбуриятларга мувофиқ равишда давлатлар ҳуқуқларини кафолатлашни таъминлаш мақсадида қонунлар қабул қилишлари ва бошқа чораларни кўрмоқликлари лозимлиги белгиланган. Сайлов кодексининг қабул қилиниши ҳам мамлакатимизнинг айнан мазкур талабни оғишмай, изчиллик билан бажарганидан далолатдир.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 4-моддасига асосан фуқаролар жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эгадир.

Конституциямизнинг 117-моддасига кирган ўзгартишларга ҳамда Сайлов кодексимизга асосан эндиликда ижтимоий хавфи унча катта ва оғир бўлмаган жиноят содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларга сайловда қатнашиш, яъни сайлаш ҳуқуқи берилди. Бу эса озодликдан маҳрум этиш жойларида сайлов участкалари тузилиши мумкинлигини Кодекснинг 10, 27-моддаларида мустаҳкамлаш имкониятини берди.

 Сайлов кодексида "битта сайловчи - битта овоз" тамойилини амалга оширишни таъминлайдиган Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхатига оид қоидалар белгиланди.

Халқаро стандартларда ҳар бир иштирокчи-давлатлар аёлларга эркаклар билан бир хил шароитларда ҳеч бир камситишсиз сайловларда овоз бериш ҳуқуқи ва очиқдан-очиқ сайланадиган органларга сайланиш ҳуқуқини таъминлашлари лозимлигига оид талаблар белгиланган.

Конституциямизнинг 46-моддасига асосан хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг ташаббусларига кўра, 2019 йил 2 сентябрда "Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида"ги Қонун қабул қилинди. Ушбу Қонуннинг 4-боби алоҳида "Сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари"га бағишланган. Унга кўра, хотин-қизлар ва эркаклар ҳокимият вакиллик органларига сайлаш ва сайланишда тенг ҳуқуқларга эга. Сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодлар кўрсатишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар таъминланади.

Мамлакатимизда ўтган барча сайловларда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари таъминланганини мазкур масала бўйича бирон марта судларга шикоят келиб тушмаганидан ҳам билиб олиш мумкин.

Авваллари маҳалладан кузатувчилар фақат халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловидагина иштирок этиши назарда тутилган эди. Эндиликда Сайлов кодексига биноан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар барча сайловларда қатнашиши мумкинлиги қайд этилди.

Бу сайловлар устидан фуқаролик кузатувини, шаффофликни таъминлашга, сайлов жараёнига жамоатчилик ишончининг ошишига омил бўлиб хизмат қилади.

Нилуфар САИД-ГАЗИЕВА,

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг катта эксперти, юридик фанлар доктори.

Davlat ramzlari

Developed by jtemplate

2018 yil - "Faol tadbirkorlik, innovatsion g'oyalar va texnologiyalarni qo'llab-quvvatlash yili"

 

Ob-havo

Kommunal xizmatlar tarifi

Valyutalar kursi

  
© 2014, Namangan viloyati Uychi tumani hokimligining rasmiy axborot portali. Sayt materiallaridan foydalanilganda www.uychi.uz manbasi ko'rsatilishi shart.
Sayt Namangan viloyati hokimligining Kompyuterlashtirish markazi tomonidan ishlab chiqilgan.