Ҳадя шартномаси қандай ҳужжат?

Chop kilish
Kurildi: 645

   Мамлакатимиз фуқаролик қонунчилигида ҳадя тушунчаси мавжуд.

   Уйчи туманидаги 2-давлат нотариал идораси нотариуси Азимжон Юнусов ҳадя шартномасига боғлиқ тартиб-қоидалар хусусида саволларга жавоб берди.

   Аввало, ҳадя шартномаси ҳақида қисқача тушунча берсангиз...

   – Ҳадя шартномаси юридик ҳужжат ҳисобланади. Фуқаролик кодексининг “Ҳадя” деб номланган 31-бобидаги 502–511-моддаларда айнан шу шартноманинг шакли, уни тузиш, бекор қилиш, у бўйича ҳуқуқий ворислик ҳамда хайр-эҳсон туридаги ҳадя ҳақида батафсил маълумотлар берилган.

   Бундай шартномага кўра, ҳадя қилувчи ҳадя олувчига ашёни текин мулк қилиб беради ёки бериш мажбуриятини олади ёхуд унга ўзига ёки учинчи шахсга нисбатан мулк ҳуқуқи (талаби)ни беради ё бериш мажбуриятини олади ёхуд уни ўзи ёки учинчи шахс олдидаги мулкий мажбуриятдан озод қилади ёинки озод қилиш мажбуриятини олади. Шартнома реал бўлса-да, айни пайтда ҳадя қилувчи ҳадя олувчига келгусида ҳадя қилиш мажбуриятини олади. Аммо ҳамма ҳолларда ҳам ҳадя шартномаси вужудга келавермайди. Айтайлик, ашё ёки ҳуқуқ муқобил берилганида ёки муқобил мажбурият мавжуд бўлганида шартнома ҳадя, деб тан олинмайди.

   Ҳадя шартномаси баъзи ҳуқуқий белгилари билан бошқа шартномалардан фарқланади. Буни унинг ҳақиқий саналмаслиги ҳолларида ҳам кўриш мумкин. Битимлар ҳақиқий саналиши учун ҳадяда одатда қўйиладиган шартлардан ташқари, биринчидан, ашё, мулк ҳуқуқи ёки мулкий мажбуриятдан озод қилиш шаклидаги ҳадя ашёси аниқ кўрсатилиши керак. Иккинчидан, ҳадя предмети ҳадя олувчига ҳадя қилувчи ҳаётлигида топширилиши лозим. Қолаверса, ҳадя шартномаси, албатта, оддий ёзма шаклда тузилиши, кўчмас мулкларни ҳадя қилиш эса, айни пайтда нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши ҳам зарур.

   – Ҳадя шартномасини расмийлаштириш учун қандай ҳужжатлар зарур?

   – Ҳар бир шахс ўзига тегишли мол-мулкни, у нималардан иборатлиги ва қаерда жойлашганидан қатъи назар, ўзи хоҳлаган шахсга ҳадя қилиб бериши ёки васиятнома асосида қолдириши мумкин. Ҳадя шартномасига мувофиқ ҳадя қилувчи бошқа ҳадя олувчига ашёни текинга мулк қилиб беради. Ҳадя олувчи ўзига ҳадя топширилгунга қадар истаган вақтида уни рад этишга ҳақли. Бундай ҳолда ҳадя шартномаси бекор қилинган ҳисобланади. Кўчмас мулкни ҳадя қилиш шартномаси нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши даркор.

    Ҳадя предмети кўчмас мулк, яъни уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми бўлганда, ҳадя қилувчи нотариал идорага қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади: мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат, коммунал хизматлар учун тўланадиган мажбурий тўловлар бўйича қарзи йўқлиги хусусидаги маълумотномалар (жисмоний шахсларга тегишли уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми учун), уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми ўзгартирилганда, қайта қурилганда ёки бузилганда маҳаллий давлат ҳокимияти органининг бу ҳақдаги қарори, бинолар, иншоотлар ва кўп йиллик дарахтларга бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома, “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси ҳудудий бўлинмаси маълумотномаси, солиқлар бўйича бюджет олдида қарз мавжуд эмаслиги ҳақидаги давлат солиқ хизмати органининг маълумотномаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатидан берилган маълумотнома.

    Ҳадя предмети автотранспорт воситаси бўлса, ҳадя қилувчи нотариал идорага паспорт, транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномаси, эр (хотин)нинг автотранспорт воситасининг ҳадя этилиши юзасидан нотариал тасдиқланган розилиги, ДЙҲХХ органларида агрегатлар рақамлари рўйхатдан ўтказиш рақамларига мувофиқлиги кўздан кечирилгани тўғрисида штамп қўйилган транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномасини тақдим этади.

  – Ҳадянинг васиятномадан фарқи борми?

 – Албатта, бор! Фуқаролик қонунчилигида ҳадяни ҳадя олувчига ҳадя қилувчининг вафотидан кейин топширилишини назарда тутувчи шартнома тан олинмайди. Бундай ҳолатда ҳадяга нисбатан васиятнома тўғрисидаги қоидалар қўлланади. Ҳадянинг васиятномадан фарқи шундаки, мулк ҳадя қилувчи тириклигида топширилади. Васиятнома инсон ҳаётлигида унинг мулкий ҳуқуқларида акс этмайди. Васиятнома бекор қилиниши, ўзгартирилиши мумкин, ҳадя эса қоида тариқасида ортга қайтмайди. Ҳадяни шартнома дейиш мумкин, васиятнома эса, одатда, бир томонлама битимдир.

    – Ҳадя олувчи ўзига топширилаётган мулкнинг сифатсизлиги юзасидан талаблар қўйса бўладими?

   – Ҳадя текинга тузиладиган шартномадир. Шу боис ҳадя олувчи топширилаётган мулкнинг сифатсизлиги ҳақида талаблар қўйишга ҳақли эмас. Албатта, топширилаётган ашё сифатсиз, бутсиз ёки камчиликлари бўлиши мумкин, бироқ у ҳадя олувчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига зарар етказмаслиги керак. Бундай ҳолларда ҳадя қилувчининг бу ҳақда ҳадя олувчини огоҳлантиргани исбот қилиниши талаб этилади.

   – Хайр-эҳсон ҳам ҳадяга кирадими?

    – Умумфойдали мақсадларда қилинган ҳадя хайр-эҳсон саналади. Фуқаролик кодексининг 511-моддасига кўра, хайр-эҳсон фуқароларга, даволаш, тарбия, ижтимоий ҳимоя муассасаларига ва шунга ўхшаш бошқа ташкилотларга, хайрия, илмий ва ўқув муассасаларига, фондларга, музейлар ва бошқа маданият муассасаларига, жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотларга ҳамда давлатга ва бошқа фуқаролик ҳуқуқи субъектларига қилиниши мумкин.

    Хайр-эҳсонни қабул қилишга бирор кимсанинг рухсати ёки розилиги талаб қилинмайди. Хайр-эҳсон қилувчи мол-мулкни фуқарога хайр-эҳсон қилганида бу мол-мулкдан маълум бир мақсадда фойдаланишни шарт қилиб қўйиши лозим, юридик шахсларга хайр-эҳсон қилганда эса бу шартни қўйиши мумкин. Бундай шарт бўлмаганида мол-мулкни фуқарога хайр-эҳсон қилиш оддий ҳадя ҳисобланади, қолган ҳолларда хайр-эҳсон қилинган мол-мулкдан ҳадя олувчи унинг вазифасига мувофиқ фойдаланади.

   Аниқ мақсадда фойдаланишга мўлжалланган хайр-эҳсонни қабул қилиб олаётган юридик шахс хайр-эҳсон қилинган мулкдан фойдаланиш бўйича амалга оширилган операцияларнинг алоҳида рўйхатини юритиши лозим. Агар хайр-эҳсон қилинган мулкдан хайр-эҳсон қилувчи кўрсатган мақсадда фойдаланиш вазият ўзгаргани туфайли мумкин бўлмай қолса, мулкдан бошқа мақсадда фақат хайр-эҳсон қилувчининг розилиги билан, мол-мулкни хайр-эҳсон қилган фуқаро вафот этган бўлса ёки мулкни хайр-эҳсон қилган юридик шахс қайта ташкил этилган ёхуд тугатилган бўлса – суд қарорига мувофиқ фойдаланиш мумкин.

   – Ҳадя олувчи уни қабул қилишни рад этиши мумкинми?

   – Ҳадя олувчи ўзига ҳадя топширилгунга қадар истаган вақтида уни рад этишга ҳақли. Бундай ҳолда ҳадя шартномаси бекор қилинган ҳисобланади. Агар ҳадя шартномаси ёзма шаклда тузилган бўлса, ҳадяни рад этиш ҳам ёзма шаклда амалга оширилиши керак. Борди-ю, у рўйхатдан ўтказилган бўлса, ҳадяни қабул қилишни рад этиш ҳам давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим. Ҳадя шартномаси ёзма шаклда тузилган бўлса, ҳадя қилувчи ҳадя олувчидан ҳадяни олишни рад этиши оқибатида етказилган ҳақиқий зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.

    – Ҳадя қандай ҳолларда бекор қилинади?

   – Ҳадя олувчи ҳадя қилувчининг, унинг оила аъзолари ёки яқин қариндошларининг ҳаёти ёки соғлиғига қарши атайлаб жиноят содир этган ҳолларда ҳадяни бекор қилишга суд тартибида йўл қўйилади. Ҳадя олувчи ҳадя қилувчини қасддан ўлдирган тақдирда ҳадя қилувчининг ворислари судда ҳадяни бекор қилишни талаб этиш ҳуқуқига эга бўлади. Агар ҳадя олувчининг ҳадя қилувчи учун катта номулкий қийматга эга бўлган ҳадя буюмга нисбатан муомаласи унинг бутунлай йўқ бўлиб кетиши хавфини туғдирса, ҳадя қилувчи ҳадя бекор этилишини суд тартибида талаб қилиши мумкин.

    Манфаатдор шахс талабига биноан суд якка тадбиркор ёки юридик шахснинг банкротлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қоидаларини бузиб, банкрот деб эълон қилинишидан олдинги бир йил ичида тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ маблағлар ҳисобидан қилган ҳадясини бекор қилиш имконига эга.

    Ҳадя шартномасида ҳадя олувчи ҳадя қилувчидан олдин вафот этган тақдирда ҳадя қилувчининг ҳадяни бекор қилиш ҳуқуқи шарт қилиб қўйилиши мумкин. Ҳадя бекор қилинган тақдирда ҳадя олувчи ҳадя қилинган ашёни, агар у ҳадя бекор қилинган пайтда асл ҳолатда сақланиб қолган бўлса, қайтариши зарур.

    Ҳадя шартномаси талабларини бажаришдан бош тортиш ва ҳадяни бекор қилиш тўғрисидаги қоидалар оғзаки ҳадя шартномаларига нисбатан қўлланилмайди. Агар ҳадя шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, унга мувофиқ ҳадя ваъда қилинган ҳадя олувчининг ҳуқуқлари унинг меросхўрлари (ҳуқуқий ворислари)га ўтмайди. Мабодо, ҳадя шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ҳадя шартномасига мувофиқ ҳадя беришни ваъда қилган шахснинг мажбуриятлари меросхўрлари (ҳуқуқий ворислари)га ўтади.

Davlat ramzlari

Developed by jtemplate

2018 yil - "Faol tadbirkorlik, innovatsion g'oyalar va texnologiyalarni qo'llab-quvvatlash yili"

 

Ob-havo

Kommunal xizmatlar tarifi

Valyutalar kursi

  
© 2014, Namangan viloyati Uychi tumani hokimligining rasmiy axborot portali. Sayt materiallaridan foydalanilganda www.uychi.uz manbasi ko'rsatilishi shart.
Sayt Namangan viloyati hokimligining Kompyuterlashtirish markazi tomonidan ishlab chiqilgan.