ҲУРЛИК НАШИДАСИ

Chop kilish
Kurildi: 710

  туманимизда Мустақиллик байрами кенг тантана қилинди

 

  Энг улуғ, энг азиз айём - Ватанимиз мустақиллигининг қутлуғ шодиёнаси бутун мамлакатимиз бўйлаб кенг қулоч ёйди. Бугунги тараққиёт ва фаровон турмушимизга туртки бўлиб хизмат қилган ушбу улуғ кун йиллар ўтган сайин кишилар қалбида ўзгача бир ифтихор ва фахр туйғуларини теранроқ ҳис этишга, ҳурлик ва эркинлик қадрини кучлироқ англашга олиб келмоқда. Мустақилликнинг асл моҳиятини тобора чуқурроқ ҳис этиб бормоқдамиз. Барча соҳада амалга оширилаётган улкан ўзгаришлар, бунёдкорлик, инсонлар онгу тафаккуридаги эврилишлар, улардаги ҳамжиҳатлик, жамиятга, унинг тараққиётига дахлдорлик ҳисси, буларнинг бари истиқлол берган неъмат эканини юртдошларимиз теранроқ англаб етмоқдалар.

  29 август куни туманимизда Ватанимиз Мустақиллигининг йигирма олти йиллиги кенг нишон-ланди. Эрта тонгдан Уйчи шаҳарчаси кўчалари байрамона тусга кириб, ўзгача файз-тароват касб этди. Уйчи-Чортоқ автомагистраль йўли ҳар қачонгидан гавжум. "Пахтакор" марказий стадионидаги карнай-сурнай садолари чорлов мусиқасига уланди. Бу ерда асосий байрам тантаналари бўлиб ўтди. Тантанада туман ҳокими, туман Кенгаши депутати Абдуғани Турдиев барчани байрам билан самимий муборакбод этди.

  Дарҳақиқат, кейинги йилларда амалга оширилган ислоҳотларнинг энг катта самараси давлат ва халқнинг фикран ва қалбан яқинлигини таъминлашга хизмат қилди. "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимиз учун хизмат қилиши керак", "Халқ бой бўлса, давлат ҳам, албатта, бой ва қудратли бўлади", "Оддий одамлар бугунги кунда бўлаётган ўзгаришларни сезиши керак. Улар эртага эмас, бугун яхши яшашни истайди. Уларга бугун яхши шароит яратиб беришимиз керак" каби эл манфаатлари йўлида жорий этилган тамойиллар асосида рўй бераётган ўзгаришлар боис туманимиз аҳолисининг оғири енгил бўлиб, турмуш фаровонлиги юксалиб бормоқда.

  Ҳар бир инсон яхши яшаши, ҳаёти гўзал мазмун касб этиши - олий қадрият.

  Муҳтарам Юртбошимиз томонла-ридан мамлакатимизда амалга оширилаётган соғлиқни сақлаш, халқ таълими, ички ишлар, ўзини ўзи бошқариш органлари, маънавият, нуронийлар, ёшлар сиёсати, тадбиркорлик, суд-ҳуқуқ, Қуролли Кучлар ва қўйингчи, бошқа соҳалардаги ислоҳотлар, ўтган давр ичида қабул қилинган қатор қонун, фармон ва қарорлар ана шу эзгу мақсадга қаратилган.

  Истиқлол берган саодат ва улкан имкониятлар ҳақида кўп гапиришимиз мумкин. Узоққа бормайлик, буни биргина туманимизда бўлаётган улкан бунёдкорлик ва ўзгаришларда ҳам кўришимиз мумкин.

  Шуни алоҳида эътироф этиш ке-ракки, туманимизда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш йилдан-йилга ошмоқда. Бугунги кунда туманимизда 7 та қўшма корхона фаолият кўрсатади. Шу йилнинг ўтган даврида  "Анас транс сервис" масъулияти чекланган жамиятида тери маҳсулотларини қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилгани, "Турсунмирза текстиль" масъ-улияти чекланган жамиятида тикувчилик маҳсулотлари, "Уйчи маҳлиё файз маскани" масъулияти чекланган жамиятида салқин ичимликлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани, "Муҳаммадали ҳамкор бизнес" масъулияти чекланган жамиятида томат цехи иш бошлаши туфайли икки юздан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

  Мустақиллик байрами бўсағасида маҳаллаларда яна ўнлаб савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, ошхона, мажмуалар фойдаланишга топширилди.

   Ўйлаб кўрайлик. 26 йил олдин уйларимиз қанақа эди? Кўчаларимизчи? Мактабларимизнинг анча биноси авария ҳолатида эди. Ҳозирчи? 44 та мактабнинг барчаси жорий ва мукаммал таъмирдан чиқди. Ҳар йили 1-синфга қадам қўяётган болажонларга 12 турдаги ўқув қуролларидан  иборат Президент совғаси туҳфа қилинади. Бу йил 3351 нафар болажон ана шундай бахтга мушарраф бўлади - уларга 196 миллион сўмлик Президент совғаси топширилади. Айни вақтда 6, 8, 36-мактабгача таълим муассасаларида салкам 3 млрд. сўмлик қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Ёш авлод, фарзандларимизга кўрсатилаётган бундай ғамхўрликдан қувонмай бўладими?

   Ёшларни келажагимиз деймиз. Уларнинг бугунги ҳаёти, орзу-интилишлари ҳаммамизни хурсанд қилади. Илм-ҳунарда пешқадам бўлган салоҳиятли ёшларимиз кўп. Улар халқаро фан олимпиадалари, маданият, спорт соҳасида туманимиз номини улуғламоқдалар. Ўнлаб йигит-қизларимиз дунёнинг ривожланган давлатларида ўқиб, ишлаб, уйчилик ёшлар ҳеч кимдан кам эмаслигини исботламоқдалар. Уйчилик ёшлардан 46 нафари Ўзбекистон чемпиони, 9 нафари жаҳон чемпионати совриндори бўлди.

  -Жорий йил хонадонимга қут-барака олиб келди, -дейди Ҳуррият маҳалласида истиқомат қилувчи Муяссархон Абдуолимова. Банкдан олинган кредит эвазига бугун оиламда уч бош қорамол, 40 та товуқ, 30 та қуён парваришлаяпман. Эл манфаатини кўзлаб қилинаётган хайрли ишлар бардавом бўлсин. Ана шунда оилаларимиз рўзғорига кираётган ризқ-рўз мўл-кўллиги таъминланади.

  -Таълим соҳасида рўй бераётган ўзгаришлар алоҳида эътиборга молик, -дейди "Тумандаги энг намунали мактаб" сифатида эътироф этилган 11-мактаб директори Аъзамжон Мўйдинов. -Жорий ўқув йилида 2 та 10-синф очдик ва 49 нафар ўқувчини қабул қилдик. Галдаги вазифамиз янги ўқув йили мобайнида таълим тизимида узлуксиз малака ошириш жараёнини ташкил этиш ҳамда илмий-методик хизматни такомиллаштириш бўйича педагог ходимларнинг билим ва кўникмаларини бойитиб боришдан иборат.

-"Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да, айниқса, биз, кексаларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, эътибордан мамнунмиз, -дея ўз фикрлари билан ўртоқлашди Гулбоғ маҳалласида яшовчи фахрий педагог Турсуной опа Тожиаҳмедова. -Юртимиздаги мўл-кўлчилик, инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат замирида ҳам нуронийларимизга кўрсатилаётган эъзоз-эҳтиром, иззат-икромнинг юқорилигидан, деб биламан. Шундай экан, юртимиз ободлиги, халқимиз фаровонлиги, миллатлараро ҳам-жиҳатликнинг бардавомлигини тилаб, доимо дуодамиз.

  Туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази қошидаги  "Тарона" ашула ва рақс халқ ансамбли хонандалари, 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари иштирокидаги театрлаштирилган байрам концерт дастурида истиқлол солномаси, "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" тўлақонли очиб берилишига, ёш истеъдодлар, республика кўрик-танлови совриндорларининг чиқишларига алоҳида эътибор қаратилди. “Ниҳол” муко-фоти совриндорлари Гуласал Абдуллаева, Бекзод Баҳромовларнинг қўшиқлари дилларга сурур бахш этди. 

  Уйчи оқшоми ҳар қачонгидан ҳам тароватли, ранго-ранг безакли чироқлар ўзгача файз бағишлаб, туманимиз чиройини янада оширган. Бундай шукуҳли, завқли лаҳзалар туманимиз аҳлига, болажонларга олам-олам қувонч бағишлади. Ҳурриятнинг тотли шодиёнаси бардавом бўлсин.

Davlat ramzlari

Developed by jtemplate

2018 yil - "Faol tadbirkorlik, innovatsion g'oyalar va texnologiyalarni qo'llab-quvvatlash yili"

 

Ob-havo

Kommunal xizmatlar tarifi

Valyutalar kursi

  
© 2014, Namangan viloyati Uychi tumani hokimligining rasmiy axborot portali. Sayt materiallaridan foydalanilganda www.uychi.uz manbasi ko'rsatilishi shart.
Sayt Namangan viloyati hokimligining Kompyuterlashtirish markazi tomonidan ishlab chiqilgan.