Muqaddas ziyoratgohlar

Chop kilish
Kurildi: 2800

Уйчидаги “Девона бобо” зиёратгоҳи қайта тикланмоқда

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Уйчи туманининг Гумбаз маҳалласидаги “Девона бобо” зиёратгоҳи қурилиши билан танишди ва бу ерда нуронийлар билан суҳбатда бўлди.

Манбаларда архитектура ёдгорлиги ва зиёратгоҳ бўлган “Девона бобо” мақбарасининг XIX аср ўрталарида барпо этилгани айтилади.

Ўтган асрда бу табаррук маскан эътибордан четда қолиб, мақбаранинг олд томонида жамоа хўжалигининг маъмурий биноси жойлашган эди. Ҳозирда бу эскирган маъмурий бино тўлиқ бузилиб, “Девона бобо” мақбараси қайта таъмирланмоқда ва зиёратгоҳга айлантирилмоқда. Зиёратгоҳга ҳамоҳанг тарзда жомеъ масжиди қурилиши ҳам бошланган.

Девона бува авлодларидан бўлган Ёқубжон ота Юсупов бошланган хайрли иш учун миннатдорчилик билдириб, дуолар қилди.

ЭҲСОНЛАР ҚАБУЛ БЎЛСИН

Карантин эълон қилинган шу кунларда саховатпеша, олиҳиммат ҳамюртларимиз муҳтож ва эҳтиёжманд оилаларга меҳр-мурувват кўрсатиб, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларидан ёрдам қилишмоқда.
Аввалроқ, уйчилик тадбиркор Мансуржон Анарбоев туман санитария эпидемиология осойишталик марказига дезинфекцияловчи аппаратлар ва махсус кийим-бош совға қилганлиги ҳақида хабар берган эдик. Бугун тадбиркор яна ҳиммат кўрсатди. Даҳиякота ва Девонабобо зиёратгоҳларида икки бош жонлиқ сўйилиб, эҳсон қилинди.
Барчани синовли дамларда бирдам ва аҳил, меҳрли бўлишга чақириб, қилинган эҳсонлар ижобат бўлишини Яратгандан сўраймиз.
Азиз ҳамюртлар! Карантин қоидаларига риоя этайлик. Аввало, меҳр-мурувватга муҳтож яқинларимиз, қўни-қўшниларимиз ҳолидан хабар олайлик! Бир-биримиздан меҳримизни аямайлик!

«ДЕВОНА БОБО» ЗИЁРАТГОҲИ

Туманимизнинг Файзиобод қишлоғи, Гумбаз маҳалласида «Девона бобо» зиёрат маскани бор. Бу табаррук жой ҳақида суҳбатдошимиз – Девона бобонинг олтинчи фарзанди Мирзаёқуб эшоннинг тўртинчи авлоди Ёқубжон Юсупов қуйидагиларни гапириб берди: Аллоҳнинг зикри билан муттасил машғул бўлган ва кароматгўй инсонлар «девона» деб аталган. Девона бобо номи билан машҳур бўлган ўтмишдошимиз Абдураҳим Салимбой сўфи ўғли Аҳмад Яссавий авлодидан бўлиб, бундан 300 йил муқаддам Чимкент вилоятининг Сайрам қишлоғи (айрим манбаларда Тошкент)да дунёга келган…

Сайрамлик мулла қўлида хат-савод чиқарган Абдураҳим 16 ёшида Тошкентга келиб, Кўкалдош мадрасасида таълим олади. Отаси Салимбой наманганлик эшон Хўжа Амин билан борди-келдиси бўлганлиги учун ўғли Абдураҳимнинг Наманганга боришини ва эшон бувага мурид бўлишини буюради. Ота хоҳишини муқаддас деб билган Абдураҳим Наманганга йўл олади.

Камтар, камгап ва тиришқоқ Абдураҳим бир неча йил Хўжа Амин тарбиясида бўлади, илм эгаллайди, хизмат қилади. (Ривоятларга кўра, Абдураҳим Хўжа Аминнинг таҳорат сувини кўкрагида иситиб берар экан). Иштиёқ ила олинган илм меъёрига етгач, пири комил Абдураҳимга: «Энди сиз ҳол (илм) эгасисиз, комил мурид бўлдингиз. Кунчиқар томонга юринг, макон тутинг, элнинг оғирини енгил қилинг», -деб оқ фотиҳа берган экан. Абдураҳим жануб томон юриб, Эшобод (Наманган шаҳар, Лола бозори атрофи) қишлоғидан қўним топади. Маълум вақт ўтгач, Абдураҳим девона Уйчининг Файзиобод қишлоғига кўчиб келади ва шу ерда муқим яшаб, Амир Темур авлодидан бўлган Ойимча ойимга уйланади ва олти нафар ўғил фарзанд кўрадилар. Девона бобо қишлоқни обод қилади, одамларни қўллаб-қувватлайди, ўз кароматлари билан беморларни даволайди, ҳожатмандларга ёрдам беради. Қишлоқда сув танқис бўлгани сабабли Девона бобо сув излаб, Чортоқ сари йўл олади. Чортоқда у кишига бир нуроний (ривоятларда Ҳазрати Хизр) учраб, бобонинг ниятларини билгач: «Сиз қишлоғингизга сирт (текис) ерлардан юриб бораверинг. Сув ортингиздан боради», -дейди.  Чиндан ҳам Девона бобо ортидан қишлоққа сув оқиб келган экан. Бу ҳозирги Файзиобод ариғидир.

Айтишларига кўра, кунларнинг бирида Абдураҳим бобо туш кўради. Тушида улуғ зотлардан бири унга бир илмгоҳ бино қуришини, толиби илмлар у ерда илм ўрганишлари лозимлигини айтади ва ҳозирги зиёратгоҳ бинолари қурилади. Мажмуа ичида масжид, мадраса, чиллахона ва мезана-минора жойлашган. Мажмуа узоқ йиллар фаолият кўрсатган. Собиқ тузум даврида «Дин афюндир», шиори остида мажмуага «диний объект», -деб баҳо берилади ва бузиб ташланади. Аммо айрим маърифатпарвар инсонлар ва инсофли раҳбарлар саъй-ҳаракатлари билан мажмуа асоси – Девона бобо ва авлоди қабрлари сақланиб қолган. Тадқиқотларга кўра, мазкур биноларнинг қу-рилиш услуби ва безаклари XVI-XVII асрларга хос экан.

Абдураҳим Девона бобо гумбази ва мақбараси тарихий ёдгорликдир. Бу жой 1981-85 йилларда маърифатпарвар инсонлар Зиёвиддин Хўжаев ва Зокиржон Қутбиддиновлар ташаббуси билан таъмирланди. 1990 йил масжид қурилди. Абдураҳим девона гумбази (халқ тилида «Девона бува мақбараси») маҳалланинг кўрки, у республика тарихий ёдгорликлари рўйхатига киритилган.

Келгусида бу маскан гавжум зиёратгоҳга айланади, деган умиддамиз.

Баҳриддин ҚАМБАРОВ,

Наманган шаҳар педагогика коллежи ўқитувчиси,

Бахтиёр ЭГАМОВ,

Ўз МТДП туман кенгаши партия ташкилоти раиси, туман Кенгаши депутати.

Davlat ramzlari

Developed by jtemplate

 

Ob-havo

Kommunal xizmatlar tarifi

Valyutalar kursi

  
© 2014, Namangan viloyati Uychi tumani hokimligining rasmiy axborot portali. Sayt materiallaridan foydalanilganda www.uychi.uz manbasi ko'rsatilishi shart.
Sayt Namangan viloyati hokimligining Kompyuterlashtirish markazi tomonidan ishlab chiqilgan.