Developed by jtemplate

Баёнот

Chop kilish
Kurildi: 24

Уйчилик фермернинг ижтимоий тармоқларда ери ноқонуний олиб қўйилгани ҳақидаги тарқатаётган иддаолари юзасидан туман ҳокимлиги баёноти

 

Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган, Уйчи тумани Кесканёр маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи собиқ фермер Усманов Ғофуржоннинг ери ноқонуний олиб қўйилгани ҳамда Олий суд қарорининг туман ҳокими томонидан ижро этилмаётгани иддао этилган Президентга видеомурожаати юзасидан Уйчи тумани ҳокимлиги қуйидагиларни баён қилади:

 

Туман ҳокимлиги фуқаро Усманов Ғофуржоннинг видеомурожаати мутлақо асоссиз деб ҳисоблайди ва келтирилган иддаоларни рад этади.

Мурожаатчи Усманов Ғофуржоннинг видеомурожаатида туман ҳокими М.Апақов мендан ерни тортиб олиб берди, ҳоким томонидан суд қарори тан олинмаяпти, деган иддаолар қилинган ва бу билан видеомурожаат бўрттирилиб, ижтимоий тармоқдан фойдаланувчилар эътибори тортилган.

Аслида, Уйчи тумани ҳокими М.Апақов 2018 йил 14 августдан ҳокимлик вазифасини бошлаган. Унга қадар бу шахс туман ҳокимлигида ҳеч қандай лавозимда ишлаган эмас.

Усманов Ғофуржоннинг ер майдонлари эса халқ депутатлари туман Кенгашининг 2018 йил 4 июндаги 173/42-05-сонли қарорига асосан ҳокимият захирасига қайтарилиши белгиланган.

Олий суднинг қарорида ер майдонлари Усманов Ғофуржонга қайтарилсин, деб белгиланмаган. Аксинча, туман ҳокимлигининг даъво аризаси кўрмасдан қолдирилсин, деб янги қарор қабул қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг

107-моддасида, даъво аризани кўрмасдан қолдириш асослари белгилаб берилган.

Туман ҳокимлиги судга тақдим этган ҳужжатларда низони судгача ҳал қилиш чоралари кўрилгани ҳақида бир неча асосли ҳужжатлар мавжуд. Аммо уларни почта орқали юборилгани исботланмагани учун Олий суд шундай қарорга келган эди.

Ғ.Усмановни ер участкамни ноқонуний тортиб олинди, деб билдираётган важлари мутлақо нотўғри. Чунки даъво аризани кўрмасдан қолдириш оқибати ер участкани яна қайтадан ердан ўзбошимчалик билан фойдаланган шахсга қайтариб берилсин, дегани эмас.

Шу хусусда бу масалага ойдинлик киритиб ўтсак. Зеро, Ғ.Усмановни “қийнаётган” саволларга ҳам жавоб топилса.

Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 январдаги 22-сонли қарори

билан тасдиқланган “Фермер хўжалигининг ер майдонини мақбуллаштириш ва уни тугатиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 22-бандига кўра, ижара шартномасини бекор қилиш юзасидан даъво аризаси қондирилиши иқтисодий суд томонидан рад этилган тақдирда, материаллар халқ депутатлари туман Кенгашига қайта кўриб чиқиш учун юборилади.

Юқорида баён қилинганидек, Олий суд туман ҳокимлигининг даъво аризасини рад этган эмас, балки уни кўрмасдан қолдирган. Шунинг учун даъвони рад этилиши билан уни кўрмасдан қолдиришини тушуниб етиш ва масалага тўғри ёндашиш лозим.

 Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият ва ҳоким қишлоқ хўжалиги экин ер майдонларидан самарали ва оқилона фойдаланишни таъминлашга мажбур.

“Мендан ер участкаси олиб қўйилиб, ноқонуний равишда, ҳатто очиқ тендер танлов ўтказмасдан (очиқ танлов деб айтилади) Тошкент шаҳрида рўйхатда туриб, яшовчи Рахимова Мухайёга бериб юборилган”, деб билдирилган важларга ҳам туман ҳокимлиги қўшила олмайди.

Хусусан, ер майдонлари Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва қонунда белгиланган чет эллик шахсларга Ўзбекистон Республикаси Ер кодексига мувофиқ берилади.

        Аслида холат қандай юзага келган. Уйчитумани ҳокимининг

2009 йил 13 апрелдаги 158-сонли қарорига асосан “Қўчқор ота” фермер хўжалигига сабзавотчилик йўналишида фаолият юритиши мақсадида 4,9 гектар ер майдони ажратилган. Бироқ “Қўчқор ота” фермер хўжалиги сабзавотчилик йўналишида ажратиб берилган ер майдонига ҳеч қандай рухсатсиз, туман ҳокимининг бу тўғрисидаги қарори бўлмай туриб,

фойдаланишдаги ер майдонининг 1,2 гектар қисмида ўзбошимчалик билан кўп йиллик мевали кўчатларни эккан, ер майдонларидан ўзининг шахсий манфаатлари йўлида фойдаланиб келган. Бу ҳолатлар унинг туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимида сабзавотчилик йўналиши бўйича йиллар давомида умуман шартномаларни рўйхатдан ўтказмагани ҳолатлари билан ҳам ўз исботини топган. Ушбу ҳолатлар Ғ.Усманов томонидан судда тан олинган.

Шунингдек, Ғ.Усманов етиштирган маҳсулотларни сотишдан тушган маблағларни ҳам банкка кирим қилмай, ўз манфаатлари йўлида ишлатиб келган. Топган даромадларини декларация қилиш, ундан солиқ тўловларини тўлаш масаласини ҳам амалга оширмаган.

Жавобгарнинг қайд этиб ўтилган ҳаракатлари юзасидан тегишли ҳужжатлар тайёрланиб, ваколатли шахс - туман ер ресурслари ва давлат кадастр бўлими томонидан 2017 йил 28 апрелда ер қонунчилиги бузилганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисида қарор қабул қилинган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 65-моддасига мувофиқ жавобгарликка тортилган.

Халқ депутатлари туман Кенгашининг 2018 йил 4 июндаги 173/42-05-сонли қарорига асосан фермер хўжалигига бир неча бор ер ижара шартномасини ихтиёрий равишда муддатидан олдин бекор қилиниши таклиф этилиб, бу тўғрисида огоҳлантириш хати ва талабномалар юборилган. Аммо фермер хўжалиги бу талабларга беписанд муносабатда бўлиб, тегишли тартибда жавоб хати ҳам юбормаган.

Туман ҳокимлигининг даъво аризаси бўйича Учқўрғон туманлараро иқтисодий суди 2018 йил 12 декабрда ҳал қилув қарори чиқариб, даъво ариза ўз исботини топганлиги, фермер ердан ўзбошимчалик билан мақсадсиз фойдаланганлиги ҳолатларидан келиб чиқиб, даъво аризани қаноатлантирган, Ғ.Усманов раҳбарлик қилган “Қўчқор ота” фермер хўжалиги билан тузилган ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилган.

Ғ.Усмановнинг ердан ноқонуний фойдаланганлиги ҳолатлари судда исботланган. Қолаверса, фермер Ғ.Усманов халқ депутатлари туман Кенгашида халқнинг вакилларига менга фойдаланишга берилган ер участкасидан аҳоли учун сабзавот маҳсулотларини етказиб бераман, деб ваъда бериб, зиммасидаги мажбуриятни бажармаган.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2019 йил 25 сентябрда низо юзасидан янги қарорига кўра низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этилмаганлиги асослари билан қуйи судларнинг қарорлари бекор қилиниб, даъво аризани кўрмасдан қолдирди.

Олий суд қарорида фермер хўжалигига ер участкасини қайтариб беришга оид кўрсатма йўқ. Давлат божига оид масала эса умумий тартибда ижро этилади.

Олий суднинг бу қарорига нисбатан суд қарорида шикоят қилиш тартиби кўрсатилмаганлиги ва судга қайтадан мурожаат этилиши сабабли муносабат билдирилмаган бўлса-да, Олий суднинг янги қарорида қуйи судларни қарорлари юзаки асосларга кўра бекор қилинганлиги, хусусан, Ғ.Усмановни олдин ердан ўзбошимчалик билан фойдалангани учун маъмурий жавобгарликка тортилгани, шартнома мажбуриятларини очиқдан-очиқ бажармасдан, ерга ўзбошимчалик билан муносабатда бўлиб, у ерда боғ ташкил этилганини тан олиши, шартномани қўпол равишда бузганлиги билан кўриниб турибди.

Шунинг учун бу масалага алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз деб топилмади.

Ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 36-моддасида белгиланган асосларга кўра амалга оширилади.

Қонунлар ижро этиш учун чиқарилган ва у барчага баробар. Уни менсимаган шахсларга орамизда ўрин йўқ. Шу сабабли ер участкасидан ноқонуний фойдаланилганлиги масаласи судда узил-кесил ҳал қилингунга қадар Ғ.Усманов ердан фойдаланишга киришишга ҳақли эмас.

Ҳозирда унинг 2019 йил октябрь-ноябрь ойларида ер участкасига ўзбошимчалик билан саримсоқпиёз экиб олганлиги ҳолатлари суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўрганилаётганлигини билдирамиз.

Davlat ramzlari

Developed by jtemplate

2018 yil - "Faol tadbirkorlik, innovatsion g'oyalar va texnologiyalarni qo'llab-quvvatlash yili"

 

Ob-havo

Kommunal xizmatlar tarifi

Valyutalar kursi

  
© 2014, Namangan viloyati Uychi tumani hokimligining rasmiy axborot portali. Sayt materiallaridan foydalanilganda www.uychi.uz manbasi ko'rsatilishi shart.
Sayt Namangan viloyati hokimligining Kompyuterlashtirish markazi tomonidan ishlab chiqilgan.