Developed by jtemplate

Мурожаат

Chop kilish
Kurildi: 51

ҲАР БИР ТАДБИРКОРГА – КЎМАКДОШ, ЕЛКАДОШ ВА МАДАДКОРМИЗ !

 

Уйчи тумани ҳокими  Муҳаммадаюбхўжа Пўлатович Апақовнинг

туман тадбиркорларига

М У Р О Ж А А Т И

Азиз ҳамюртлар, қадрли ташаббускор тадбиркорлар !

Барчангизга яхши маълумки, кейинги йилларда республикамизда тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ва бизнес юритиш учун қулай муҳит яратиш, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини  ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жумладан, солиқ тизими тубдан ислоҳ қилинди, рухсат берувчи ҳужжатларни олиш тартиби сезиларли даражада соддалаштирилди, тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширишлар бекор қилинди.

 

Аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенгроқ ва фаол жалб этишга кўмак берувчи, биринчи навбатда, давлат органларининг тадбиркорлар билан мулоқот қилишнинг амалий шаффоф тизими яратилмоқда. Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида ҳудудларда тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш Бош вазир қабулхоналари ташкил этилди.

Тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказиш, турли рухсатномалар олиш ва бошқа кўплаб давлат хизматларини кўрсатиш тартиблари янада соддалаштирилди, ушбу хизматларни “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатадиган Давлат хизматлари агентлиги ва унинг жойлардаги марказлари ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 августдаги ПҚ-4417-сонли қарорига асосан Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ташкил этилди.

Солиқлар юкини қисқартириш, солиқ ва мажбурий тўловлар миқдорини камайтиришга оид қарорларлар қабул қилинди.

Давлат раҳбарининг топшириқларига биноан ҳар ҳафтанинг чоршанба кунлари тадбиркорлар муаммоларини тезкор бартараф этиш мақсадида “Ҳоким ва тадбиркор” учрашувлари ўтказиб келинмоқда. Мазкур учрашувларда ҳозирги кунга қадар 150 дан ортиқ тадбиркорларнинг мурожаатлари кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилди.

Кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни, кластерлар ва қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш бўйича дастурлар доирасида кўзда тутилган лойиҳаларга тижорат банклари томонидан 2019 йилнинг 10 ойи давомида 146 млрд. 139 млн. сўмдан ортиқ кредит ажратилди. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,7 мартага ортди. Шундан ажратилган имтиёзли кредитлар миқдори 91 млрд. 331 млн.сўмни ташкил этди. Бу каби амалга оширилаётган кўплаб ислоҳотлар ва амалий чоралар Уйчи туманида ҳам ўзининг ижобий натижасини беришни бошлади. Саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги йўналишида янги қувватларни фойдаланишга топшириш натижасида 1000 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари томонидан 5,2 млн. АҚШ долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди.

2019 йилнинг 10 ойи давомида  саноат корхоналари томонидан
323 млрд. сўмлик (106 %) саноат маҳсулотлари ҳамда 231 млрд. сўмлик (111,2 %) халқ истеъмол моллари ишлаб чиқарилди. 

Ўз брендига эга корхоналардан “Экстра Пример Бат”,“Водий Ипак гилами”, “Мега Текстил”, “Уйчи Парранда”, “Маржон тола файз” каби корхоналарда модернизациялаш ва изланишлар натижасида ўсиш кузатилиб, туман саноати ҳажмига салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.

Истиқболда саноатни барқарор ривожлантириш мақсадида пахта етиштириш учун қулай шарт-шароитлар мавжудлиги боис пахта тозалаш саноатининг ихтисослашувини (кластер) ҳисобга олган ҳолда туманда юқори қўшилган қийматга эга тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш чоралари кўрилмоқда.

Туманимизда кейинги йилларда аграр соҳани модернизациялаш, янги техника ва тежамкор технологияларни кенг татбиқ этиш билан бир қаторда қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш таркибини тубдан янгилаш, уни ўзгартириш ва диверсификациялаш бўйича муҳтарам Президентимизнинг ҳамда Вазирлар Махкамасининг бир қатор қарор, фармойишлари билан мустаҳкамланиб келинмоқда.

Шунингдек, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва бошқа соҳаларда хам кластер корхоналарини ташкил этиш ва фаолият юритишлари учун етарли шароитларни яратиб бериш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда. Бу ишларни амалга оширишда Халқаро жаҳон ва Осиё банклари, молиявий институтларнинг имтиёзли кредит ресурслари жалб этилган бўлиб, соҳадаги инфратузилмани ривожлантириш, қайта ишлаш ва маҳсулот етиштириш ҳажмини ошириш учун 5 йиллик имтиёзли даврини ўз ичига олган ҳолда 25 йил муддатга 2 млн. АҚШ долларигача кредит маблағлари ўзлаштирилади.

Яна бир муҳим масала, туманга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишга ҳам катта эътибор қаратиб келинмоқда. Бугунги кунда Президентимиз томонидан хорижий инвесторлар учун яратиб берилаётган шарт-шароитлар ва имтиёзлар республикамизда инвестиция соҳасида ўзига хос қулай атмосфера ҳосил қилди. Ўтган 10 ой давомида туманимиз бўйича жами 15 та лойиҳада 17.5 млн.доллар миқдорида хорижий инвестиция маблағлари ўзлаштирилди. Мисол учун, тумандаги қиймати 9,9 млн.долларлик “Мега текстил” қўшма корхонасининг калава ип ишлаб чиқариш, “Акс Медикал фарм” масъулияти чекланган жамиятининг 2,0 млн. долларлик лойиҳалари ҳамда “Бетон макс қурилиш” масъулияти чекланган жамиятининг 1,2 млн. долларлик лойиҳалари шулар жумласидандир.

Хорижий инвестицияларни жалб этиш мақсадида вилоятда юқори савияда бизнес форумлар ўтказилди. Жумладан, жорий йил 7-8 июнь кунлари ўтказилган “Invest in Namangan” халқаро бизнес форумига дунёнинг 43 та мамлакатидан 300 дан ортиқ хорижий компаниялар вакиллари ташриф буюришди. Унда туманимиз ташаббускор тадбиркорлари томонидан 5 та давлат компаниялари билан умумий қиймати 49,5 млн. долларга тенг 5 та инвестицион келишувлар имзоланди.

Шунингдек, жорий йил 13-14 сентябрь кунлари “Халқаро тиббиёт ва фармацевтика форуми”да 1 та хорижий давлат компаниялари билан 2 та муҳим келишувга эришилди.

Мамлакатимиз Президентининг Наманган вилоятига қаратган яна бир эътиборлари – барча туманларга хорижий мамлакатлардаги элчиларимизнинг бириктирилиши бўлди. Туманимиз ишбилармон делегациясининг Қувайтга ташрифи натижасида “Қувайт Наманган Групп” қўшма корхонаси давлат рўйхатидан ўтказилди. Ушбу ҳамкорлик ришталари келгусида туманимизда Petroleum Dynamics: oil & gas компанияси билан ҳамкорликда асфальт ва темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқаришга йўналтирилган тош майдалаш лойиҳаси, нефть ва газ тармоқлари учун мустаҳкам шиша-пластик толали трубалар ишлаб чиқариш лойиҳаси, Kuwait Investment company билан ҳамкорликда замонавий чорвачилик ва қушхона комплекси лойиҳаси, Rasheed Abdulrahim al-Mutawa Real Estate Group компанияси томонидан дарё бўйи минтақасида тиббиёт ва соғломлаштириш туризм сиҳатгоҳи қурилиши, “Mr.Open” компанияси томонидан эса онкологик касалликларни эрта аниқлаш имконини берувчи диагностика маркази бунёд этиш бўйича муваффақиятли музокаралар амалга оширилди. Ушбу ҳамкорлик натижасида туманимизга 10 миллион доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилиши билан биргаликда юздан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.

Ҳурматли ташаббускор тадбиркорларимиз!

Юртбошимизнинг сўнгги 4 ой давомида кичик бизнесни янада  ривожлантириш масаласида тўрт маротаба селектор йиғилиши ўтказганликлари масаланинг нечоғли долзарб эканлигини кўрсатади.  Бироқ, шунга қарамасдан, тадбиркорликни янда ривожлантиришда барча тўсиқ ва ғовларга тўлиқ барҳам берилмаган. Жойларда давлат органлари идоралари иқтисодиётимизнинг ушбу муҳим йўналишига етарли эътибор бермаяптилар. Айниқса, тадбиркорларга ер, бино ва иншоот, кредит ажратиш, хом ашё билан таъминлаш, коммуникация тизимларига уланишга рухсатнома беришда бюрократия кучлилик қилмоқда.

Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Бош вазир қабулхонасига келиб тушган мурожаатлар таҳлил қилинганда, мурожаатларнинг 69 таси ёки 48,2 фоизи кредит, 72 таси ёки 50,3 фоизи ер ажратиш ҳамда 2 таси ёки 1,5 фоизи мухандислик комуникациясига боғлиқ масала эканлиги маълум бўлди.

Куни кеча Президентимиз, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва уларга қулай шарт-шароитларни яратиш борасида яна бир бор йиғилиш ўтказдилар. Мазкур йиғилишда барча мансабдор раҳбарлар “Ҳар бир тадбиркорга – кўмакдош, елкадош ва мададкормиз!” – деган бош ғояни ўзида акс эттириши, “Бундан буён тараққиёт ва фаровонликка фақатгина тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш орқали эришиш мумкин”, – деган фикрни барча бирдек англаб олиши зарурлигини таъкидладилар.

Тадбиркорликка кўмак берувчи масъул идоралар тадбиркорга хизмат қилади, бунда ҳар бир идоранинг кун тартибида устувор масала – тадбиркорлар билан бевосита мулоқот қилиш, уларнинг дардини эшитиш ва муаммоларини тезкор ҳал этиш бўлади. Бундан буён тадбиркорлар жамиятда энг асосий етакчи кучга айланиб, барча маҳаллий давлат идоралари фаолиятига баҳо бериш ҳамда уларнинг фаолияти, энг аввало, тадбиркорларнинг манфаатларига хизмат қилиши устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатадилар.

Шунингдек, муҳтарам Президентимиз томонларидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, уларнинг самарадорлигини ошириш бўйича асосий 9 та муҳим йўналиш белгилаб берилганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Жумладан,

биринчидан, фаолият кўрсатмаётган тадбиркорлик субъектлари билан ишлаш, уларнинг фаолиятини қайта тиклаш, ҳар томонлама кўмаклашиш ва амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Жорий йилнинг бошидан жами 515 та тадбиркор (93 та юридик шахс ва 422 та ЯТТ) фаолияти тикланган.

Бироқ, узоқ йиллардан буён фаолият кўрсатмасдан келган, фаолиятини тиклаш имкони бўлмаган 539 та (12 та юридик шахс ва 527 та ЯТТ) тадбиркорлик субъекти давлат реестридан чиқарилди.

Туманда 2019 йил учун тасдиқланган режа бўйича 469 та
(шундан  1-секторда 140 та, 2-секторда 109 та, 3-секторда 99 та,
4-секторда 121 та) кичик бизнес субъектини ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, 2019 йилнинг 10 ой давомида 335 та (шундан 1-секторда 91 та, 2-секторда 91 та, 3-секторда 61 та, 4-секторда 92 та) кичик бизнес субъекти ташкил қилинди.

2019 йил якунига қадар 134 та (шундан 1-секторда
49 та, 2-секторда 18 та, 3-секторда 38 та, 4-секторда 29 та) кичик бизнес субъектини ташкил этиш режалаштирилган.

Иккинчидан, “Е-ижро аукцион” тизимига сотувга чиқарилган ва чиқарилиши кутилаётган ер майдонлари билан ишлаш бўйича:

тумандаги бўш турган ер участкаларининг электрон савдоси, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 июндаги “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини электрон аукцион орқали доимий фойдаланишга бериш тартиби тўғрисида”ги 493-сонли қарори асосида “Е-ижро аукцион” ягона электрон савдо майдончаси орқали амалга оширилиб, 2019 йил 10 ой давомида жами  0,5 гектарни эгаллаган 27 та ер майдони 110 та иш ўрин яратиш ва 4,3 млрд. сўм инвестиция киритиш шарти билан сотилди.

Учинчидан, бузилган (сносга тушган) объектларни компенсация қилиш бўйича:

хатлов натижасига кўра, туманда 2018-2019 йилларда жами
31 та, шундан давлат ихтиёжи учун 15 та объект бузилишга тушган бўлиб, ер участкасининг майдони 8 гектарни, кўчмас мулк майдони 29,1 минг кв.метрни, баҳоланган мулклар қиймати 15,7 млрд. сўмни ташкил этади.

Компенсация тариқасида 31 тасига жами 2,9 млрд. сўм тўлаб берилди. (1,3 млрд. сўми бюджет ва 1,6 млрд. сўми тадбиркорларнинг маблағлари).

Тўртинчидан, қайтарилмаган кредитлар бўйича ишлаш борасида:

2019 йил 1 ноябрь ҳолатига туман бўйича муаммоли кредитлар
172 млн.сўмни ташкил этиб, бу борада ҳам алоҳида график тасдиқланган, сектор раҳбарлари билан иш ташкил этмоқдамиз.

Бешинчидан, хорижий кредит линиялари ўзлаштирилиши бўйича:

туманда тижорат банклари томонидан хорижий кредит линиялари ҳисобидан 2019 йил 10 ой давомида 23 та лойиҳага 4,9 млн. доллари миқдорида кредит маблағлари ажратилган. Шу жумладан, агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш Агентлиги томонидан
2017-2019 йиллар давомида туман бўйича қиймати 825 минг АҚШ долларга тенг 11 та лойиҳани (устамаси 5,5 фоиздан 6,8 фоизгача бўлган миқдорда) амалга ошириш учун йўналтирилган. Бугунги кунга қадар лойиҳаларнинг 4 таси кредит қиймати 500 минг доллар тенг наслли чорвачилик лойиҳалар ишга туширилди.

Олтинчидан, бўш турган бино-иншоотларни (давлат, хусусий, жамоа) тегишилиги бўйича ишлаш борасида:

туманда йил бошида жами 152 та (шундан 6 таси давлат улуши бор, 2 таси эгасиз) бўш турган объектлар аниқланган.

Прокуратура, солиқ, кадастр ва бошқа мутасадди идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилиб, ҳар бир объект жойига чиққан ҳолда ўрганилди. Ўрганишда бўш турган объектлар сифатида рўйхатга олинган бино-иншоотлардан 78 таси (51,3 %) қайта хўжалик фаолиятига жалб этилган. Шундан 42 та объект ишга туширилди, 13 та объект бузилди,
11 та объект сотилди ва 9 та объект турар жой тоифасига ўтказилди.

Инвентаризация якунига кўра қолган 74 та (6 таси давлат, 2 таси эгасиз, 3 таси давлат улуши мавжуд объект, 59 таси хусусий ва аввал хусусийлаштирилган, 4 таси бўш ер майдонлари) бўш объектлардан самарали фойдаланилишини таъминлаш бўйича йўл хариталари ишлаб чиқилиб, белгиланган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, бир неча йиллардан буён фойдаланилмаётган бўш турган объектларга таъсирчан солиқ механизмини қўллаш бўйича 51 тасига 249,2 млн. сўмлик солиқ ҳисобланиб, 3,9 млн. сўми ундирилган бўлса, 245,3 млн. сўм қарздорликни ундириш бўйича судларга даъво аризалари киритилди, ҳозирда ундириш чоралари кўрилмоқда.

Туман ҳудуддаги бўш турган объектларни кунлик назорат қилиш имконини берувчи махсус дастур ишлаб чиқилиб, ҳар бир объект ҳақида маълумотлар базаси шакллантирилди.

Туманда давлат мулки бўлган 6 та бўш турган объектдан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.

Еттинчидан, ҳудудий дастурларни амалга ошириш ҳисобига яратилган янги иш ўринлари бўйича ишлаш борасида:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2019 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмаси тўғрисида” 2019 йил 5 мартдаги ПҚ-4227-сонли Қарори билан туманда 1139 та иш ўрни яратилиши белгиланган.

Туман ишчи комиссияси томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, 2019 йилнинг январь-октябр ойларида 1135 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилиб, амалда 1775 та 156,5 фоизга (прогнозга нисбатан 640 та кўп) иш ўрни яратилган.

Жумладан:

- йирик лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига 158 та;

- кичик лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига 1298 та;

- фаолият юритмаётган, самарасиз фойдаланилаётган бинолар ва қурилиши тугалланмаган объектлар негизида 19 та;

- бюджет маблағлари ҳисобидан ишга тушадиган ижтимоий ва бошқа объектлар ҳисобига 32 та;

- давлат-хусусий шерикчилик асосида ишга тушадиган ижтимоий объектлар ҳисобига 71 та;

- ҳунармандчиликни ривожлантириш ҳисобига 188 та яратилган.

Жумладан, йирик лойиҳалар йўналишида 2019 йилнинг 10 ойида 3 та лойиҳаларнинг ишга туширилиши натижасида 158 та иш ўринлари яратилиб, прогноз кўрсаткичи 105,4 фоизга бажарилди.

Саккизинчидан, амалда тақдим этилган ҳисоботлар Давлат солиқ қўмитаси базаси билан солиштирилганда ҳамда жойига чиқиб ўрганилганда, қуйидагилар аниқланган.

Солиқ тўловчиларнинг электрон маълумотлар базаси асосида ушбу лойиҳа ташаббускорлари – корхона ва ташкилотлар томонидан даромад солиғи тўланган ишчиларнинг 2018 йил декабрь ойидаги ва 2019 йил январь-октябрь ойларидаги сонидан келиб чиқиб, ишчилар сонидаги ўсиш таҳлил қилинди.

Таҳлил натижасига кўра:

- 4011 та хўжалик юритувчи субъект бўйича кўзда тутилган
19238 та иш ўрни солиқ ҳисоботларида тўлиқ аксини топган, яъни даромад солиғи тўланган ишчилар сонидаги ўсиш ушбу миқдордан кам эмас;

- 37 та хўжалик юритувчи субъект бўйича ҳисоботда яратилган иш ўринлари ва ҳақиқатда даромад солиғи тўланган ишчилар сонидаги ўсиш ўртасида салбий тафовут мавжуд.

Яъни ушбу лойиҳалар бўйича жами 838 та янги иш ўрни яратилганлиги кўрсатилган бўлса-да, жорий йилнинг январь-октябрь ойларида даромад солиғи тўланган қўшимча ишчилар сони ушбу миқдордан камлиги маълум бўлди.

Шунингдек, ўрганиш давомида жорий йилда иш ўринлари яратилганлиги қайд этилган 37 та хўжалик субъектида 838 та иш ўрни яратилганлиги бевосита жойига чиққан ҳолда мониторингдан ўтказилди. Худди шундай, туман бўйича меҳнат бўлими ва солиқ органлари ходимлари иштирокида ўтказилган ўрганишлар натижасида жами 838 та иш ўрни қонуний расмийлаштирилиб, солиқ ҳисоботларининг қайта олиниши таъминланди.

Тўққизинчидан, тадбиркорликка кўмаклашиш давлат жамғармаси билан ишлаш борасида:

туман тижорат банклари томонидан 2019 йил 10 ойлиги давомида
146 млрд. 139 млн. сўмдан ортиқ кредит ажратилган бўлиб, шундан кичик бизнес субъектларига ажратилган кредит миқдори 40 млрд .31 млн. сўм, Президент қарори ва Фармонлари асосида ижтимоий дастурлар доирасида ажратилган кредитлар жами миқдори 91 млрд. 331 млн. сўмни (шундан  аёллар жамоат фонди ҳисобидан (ПФ-5325-сонли Фармон асосида) 389 млн.сўм, "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури (ПҚ-3777-сонли Қарор асосида) 87 млрд. 389 млн. сўм, “Ёшлар – келажагимиз” дастури (ПФ-5466-сонли Фармон асосида) 1 млрд. 885 млн. сўм, ҳунармандчилик (ПФ-5242-сонли Фармон асосида) 1 млрд. 293 млн. сўм, томорқа ер эгалари кенгаши ҳисобидан (ПҚ-3680-сонли Қарор асосида) 17 млн. сўм, бандлик ва махаллий бюджет ҳисобидан (ПҚ-3856-сонли Қарор асосида) 282 млн. сўм, Боғчаларга берилган кредитлар (ПҚ-3651-сонли қарор асосида) 2 млрд. 427 млн. сўм) ташкил этди. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,7 мартага ортган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан жорий йилнинг 10 ойи давомида 67 та лойиҳа учун 26,5 млрд. сўмдан ортиқ кредит бўйича молиявий ёрдамлардан фойдаланилди.

Ҳурматли тадбиркорлар !

Сизларни ишонтириб айтаманки, йил якунига қадар, қолаверса, келгуси 2020 йилда ҳам муҳтарам Президентимиз томонларидан берилган топшириқлар ижросини сўзсиз таъминлаш борасида барча зарурий чораларни кўриб бораман.

Ҳар бир лойиҳа шахсий назоратимиз остида бўлади. Лойиҳани ишлаб чиқишдан то уни амалга оширишгача бўлган барча жараёнда бевосита кўмак бериш биринчи галдаги вазифамиздир.

Бир нарсани англашимиз керак: Сизнинг лойиҳангиз – туманимизнинг эртанги келажаги ва аҳолимиз фаровонлигининг кафолатидир. Сиз туфайли туманда ишсизлик қисқаради, даромадлар ошади, оилаларимиз, аёлларимиз ва фарзандларимиз турмушидан миннатдор бўлиб, ўз юртида ҳаловат топади.

Тадбиркорларни қийнаётган иккита муҳим масала бор:
ер ажратиш ва кредит бериш. Бундан буён ҳақиқий тадбиркор бўлиш истагида юрганларга ер ажратиш очиқ-ошкора равишда, барча учун тенг шароитлар яратган ҳолда, электрон аукцион орқали амалга оширилади.

Эндиликда давлат органлари билан муносабатлар текшириш эмас, балки тадбиркорликка фақат ва фақат ёрдамлашиш нуқтаи назаридан қурилади.  Ҳар бир тадбиркорнинг мулки дахлсиз, ҳеч бир тадбиркордан турли сабабларни важ қилиб, унинг мулки тортиб олинмаслиги ёки бузилмаслиги кафолатланади. Бунда, тадбиркорларнинг мол-мулкига барча раҳбарлар томонидан “ўз шахсий томорқам” деган қарашга барҳам бериш, тадбиркорлар мол-мулки дахлсизлигига тўлиқ ва виждонан риоя қилинади. Давлат идоралари вазифаларини тадбиркорларга юклаш ва уларни ҳомийликка мажбурлаш амалиётига бутунлай чек қўйилади.

Сизни фаолиятингизда тўсқинлик ёки қийинчиликлар туғдираётган масалаларингиз бўлса, тўғридан-тўғри туман ҳокимлигига ёки қуйидаги мутасадди раҳбарларнинг қўл телефонларига (телеграмларига) йўллашингиз мумкин:

Уйчи тумани ҳокими, 1-сектор раҳбари Муҳаммадаюбхўжа Апақов, телефон (99890) 554-22-20.

Уйчи тумани прокурори, 2-сектор раҳбари Улуғбек Номонов, телефон  (+99899) 975-70-53.

Уйчи тумани ИИБ бошлиғи, 3-сектор раҳбари Ғайрат Ғаниев, телефон (+99894) 500-02-20.

Уйчи тумани ДСИ бошлиғи Адҳамжон Маҳмудов, телефон
(99897) 520-88-58.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Уйчи туманидаги тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси  мудири Толибжон Мирзабоев (+99894) 301-27-75.

Уйчи тумани тадбиркорликка кўмаклашиш маркази директори Зафар Худойназаров (+99894) 507-11-00.

Davlat ramzlari

Developed by jtemplate

2018 yil - "Faol tadbirkorlik, innovatsion g'oyalar va texnologiyalarni qo'llab-quvvatlash yili"

 

Ob-havo

Kommunal xizmatlar tarifi

Valyutalar kursi

  
© 2014, Namangan viloyati Uychi tumani hokimligining rasmiy axborot portali. Sayt materiallaridan foydalanilganda www.uychi.uz manbasi ko'rsatilishi shart.
Sayt Namangan viloyati hokimligining Kompyuterlashtirish markazi tomonidan ishlab chiqilgan.